Ўзбекистонда “Реал” академияси очилишини эшитиб халқимиз жуда хурсанд бўлди, деди Аҳмаджонов.
“Юртимизга ҳуш келибсизлар. Сизларни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан хурсандмиз. “Реал” академиясида бўлиб қайтганимизга ҳам кўп бўлмади. У ерда клуб академияси президенти билан учрашдик. Ўзбекистонда “Реал” академияси очилишини эшитиб халқимиз жуда хурсанд бўлди. Хабарингиз бор, айни пайтда Ла Лига билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Испания футболига бутун дунё ҳавас қилади. Ўзбек футболига ҳам Испаниянинг йўлини берсин деб қоламиз. Ҳамкорлигимиз орқали ўзбек футболини юқори даражага кўтариш умидидамиз”, деди Умид Аҳмаджонов.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов “Реал” билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун қизиқ бўлиши ҳақида гапирди.
“Испания футболи тўғрисида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда жуда яхши билишади. Ўзбекистонда ҳам футбол мактаблари бор, энди биз ушбу мактабларни янада ривожлантирмоқчимиз. Мамлакатимиз раҳбари ҳам болалар учун ихтисослаштирилган футбол академияларини ташкил қилиш борасида олдимизга бир қанча вазифаларни қўйганлар. Шунинг учун, бу борада Европа мамлакатлари билан музокаралар олиб боряпмиз. “Реал”нинг бу борадаги тажрибаси биз учун жуда қизиқарли. МОҚ ва ЎФА раҳбарияти томонидан ҳам футболни ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, бу ишлар келажакда албатта ўз мевасини беради”, деди Шоакрам Исроилов.
Эртага испаниялик мутахассислар “Бунёдкор” стадионига ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишгандан сўнг улар иштирокида соат 11:00 да ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил қилинади.