...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов: “Футболимиздаги таниш-билишчиликка қарши курашаман!”


14:34, 27.09.2017 Спорт
 3 089

“Биз учун халқнинг федерация ҳақидаги фикри жуда муҳим. Ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқ, лекин салбий фикрларни йўқотиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз...”

Бугун, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасининг анжуманлар залида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда янги тайинланган президент журналистлар саволларига жавоб берди.
 
Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар!
 
Бугун федерациянинг ҳисобот сайлов конференцияси ўтганига 15 кун тўлди. Шу вақт ичида биз Ўзбекистон футболининг 2018–2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини охирги бобини ёзиб битирдик.
 
Унда кейинги 4 йил ичида қилиниши керак бўлган энг муҳим масалалар акс этади. Бизнинг ишчи гуруҳимиз ушбу дастурнинг лойиҳасини сизга танишиб чиқиш учун тақдим этаяпти. Қисқача қилиб айтишим мумкинки, Ўзбекистон футбол федерацияси катта ислоҳотлар остонасида турибди.
 
Ислоҳотларни амалга ошириш гуруҳи ишни бошлаш учун қулай нуқта — устувор масалаларни аниқлаб олган бўлиб, биз футболни кўтариш учун ана шу нуқтадан янги манзил сари йўлга тушамиз.
 
Устивор масалалар ҳақида биз жамоатчиликка хабар бердик. Лекин, бугун мен бу масалаларни яна бир бора алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
 
Биринчиси, миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш масаласи бўлиб, ҳозирда ушбу жараён давом этмоқда...
 
Иккинчиси, келишилган ўйинларга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Бунинг учун Ўзбекистон футбол федерациясида янги жамоа иш бошлаяпти, деб бугун мен бемалол айта олишим мумкин.
 
Учинчиси, футболимиздаги таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатларга қарши курашишдир. Тўғри тушунаман, агарда бу спортчилар оиласи бўлса ва улар ҳақиқатан ҳам ўз жойларига муносиб бўлишса, марҳамат!
 
Лекин, шундай ҳолатлар борки, бу футболимизнинг илдизига болта уради. Биз мана шундай ғирромлик ва қинғирликдан тозалаш учун алоҳида мутахассислар гуруҳини жалб қилдик.
 
Тўртинчиси, федерация ишини шаффофлаштиришдир. Бу билан биз ишқибозларнинг федерацияга бўлган ишончи ва ҳурматини қозонишни ният қилганмиз.
 
Чунки, биз учун халқнинг федерация ҳақидаги фикри жуда муҳим. Ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқ, лекин салбий фикрларни йўқотиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
 
Бешинчиси, чипталар савдосини ислоҳ қилиш қилиш бўлиб, бунда биринчи рақамли вазифа электрон чипталар савдосини йўлга қўйишдир. Айнан шу йўл орқали чипталарнинг олиб-сотарлар қўлига ўтиб кетишига қарши курашиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.
 
Бундан ташқари:
 
  • болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш;
  • мураббийлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш;
  • олий лига ва биринчи лига мусобақаларининг савиясини ошириш;
  • миллий терма жамоани 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш;
  • Ўзбекистон футбол федерациясини Осиёнинг энг яхши федерацияларидан бирига айлантириш;
  • барча жаҳон чемпионатларида иштирок этишга эришиш;
  • оммавий футболни янги босқичга олиб чиқиш;
  • бутун Ўзбекистон бўйлаб футбол ўйнашни янада оммалаштириш ва осонлаштириш;
  • ишқибозларнинг стадионларга келиб ўйин томоша қилишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш
 
ва яна бошқа шу каби вазифалар ҳам борки, буларнинг бари Ўзбекистон футбол федерациясининг ривожлантириш дастуридан ўрин олган.
 
Бугун дунё ахборот билан яшаяпти. Замонавий фуқаро бошланаётган кунини ҳам, тугаб бораётган кунни ҳам ахборот олиш билан ўтказади. Ахборот шу даражада муҳим омилки, унинг оқими тугаса ёки тўхтаб қолса, бўшлиқ юзага келади.
 
Шу сабабли ҳам ахборотни ўз вақтида ва тўғри бериш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон футбол федерацияси бундан кейин ҳам ахборот бўшлиғига қарши курашиш сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда ишлайди.
 
Ўзбекистон футбол федерацияси мамлакатимиз футболини янада кўтариш учун ўз олдига устувор вазифаларни белгилаб олди.
 
Федерациянинг янги жамоаси 12 сентябрь куниёқ ана шу вазифалар устида катта кўламли ишларни амалга ошириб келяпти.
 
Ҳозир катта ваъдалар беришга шошилмайман, фақатгина режаларимиз узоқ муддатга мўлжалланганини, қолаверса, мақсадларимиз жиддий эканлигини ишонч билан айта оламан.
 
Биз ишқибозлар билан, халқ билан диалогга доим тайёрмиз ва қилинаётган ишларда уларнинг хоҳиш ва иродаларини ҳам инобатга оламиз.
 
Дунё тажрибасидан маълумки, раҳбариятнинг ишига баҳо бериш учун оммавий ахборот воситалари 100 кун ўтишини кутишади. Умид қиламанки, Ўзбекистон футбол федерацияси ҳам ана шу 100 кунлик ўта мураккаб даврни яхши босиб ўтади.
 
Бу давр оралиғида Федерацияси ичида ва ташқарисида кўп янгиликлар бўлади. Бу янгиликлар эса Сиз Ўзбекистон футбол федерациясидан фахрланишингиз учун амалга оширилади. Эътиборингиз учун раҳмат”, дея сўзларини якунлади Умид Аҳмаджонов
 
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон футбол федерациясида ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
 
Унда Умид Аҳмаджонов ЎФФнинг янги президенти сифатида оммаган таништирилди. Конференцияси иштирокчилари бир овоздан Умид Аҳмаджоновнинг номзодига овоз беришган.
 
Шунингдек, Аҳмаджонов жорий йилнинг 21 сентябрь куни Швейцарияга ташриф буюриб, Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфанито билан учрашди. Учрашув вақтида томонлар бир қатор масалалар юзасидан музокаралар олиб боришди.
 
Жумладан, Умид Аҳмаджонов Жанни Инфантинодан Ўзбекистонга “футбол юлдузлари”нинг ташрифи ҳамда Ўзбекистонда ёшлар ёки аёллар бўйича жаҳон чемпионати мусобақаларини ўтказишга амалий ёрдам беришини сўраганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎФФ Умид Аҳмаджонов матбуот анжумани 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!