ЎФА 1-вице президентининг айтишига кўра, ҳозирда 40 нафарга яқин футболчи нормативларни бажара олмаган.
Тест-синовлари махсус инновацион технологик воситалар орқали ўтказилаётган бўлиб, шу пайтга қадар Суперлиганинг 6 клуби нормативларни топширишга улгурди.
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов нормативларни футболчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилиб бориш мунтазам равишда амалга оширилиб, бу жараён терма жамоа фойдасига ишлашини айтиб ўтди.
Аҳмаджонов ассосиация Матбуот хизматига интервью берар экан 40 нафарга яқин футболчи нормативлардан ўта олишмаганини ва футболчилар ўз устиларида ишлашмаса, белгиланган лицензияларни олишмаслигини таъкидлади.
“Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини доимий равишда назорат қилиб бориш мақсадида улардан нормативлар қабул қилиш амалиётини ўзбек футболи тарихида биринчи марта йўлга қўйдик.
Суперлига клублари ўтган йил дастлабки нормативларни топширишган ва натижалар анча салбий чиққанди. Ўшанда барча клублардаги футболчиларга февраль ойигача муҳлат берилиб, янги мавсум бошланишидан аввал улардан яна бир бор нормативлар қабул қилиниши эълон қилинганди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси илмий-методик гуруҳи мутахассислари футболчилардан иккинчи нормативларни қабул қилишни бошлаб юборишди. Ҳозиргача 6 та клуб футболчилари нормативлар топширишди.
Биринчи нормативлар билан иккинчи нормативлар натижаларини солиштирганда 30-40 га яқин футболчининг натижаларида ижобий томонга ўзгариш бўлмаганини кўриш мумкин.
Агар футболчилар ўз устиларида ишлашмаса, жисмоний ҳолатларини яхшилаб боришмаса, белгиланган лицензияларни олишмайди. Ҳар бир футболчининг жисмоний ҳолати ва натижаларини шахсан ўзим назорат қилиб боряпман.
Терма жамоаларимиз Халқаро майдонларда натижа кўрсатишини, Олимпиада ва Жаҳон чемпионатларига йўлланма олишини истасак, биринчи навбатда, футболчиларимизнинг жисмоний ҳолатини яхшилашимиз зарур”, - дейди Умид Аҳмаджонов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда спорт тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтганди.