МОҚ президенти Токиода Япония Миллий олимпия қўмитаси президенти билан ҳам учрашади.
Бугун, 6 июнь куни МОҚ президенти 2020 йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитаси ва мамлакат спорт ассоциацияси вице-президенти, Япония вакиллар Палатаси аъзоси Тошиаки Эндо билан кўришди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида томонлар Олимпия ва Паралимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ташкилий ва бошқа масалалар бўйича фикр алмашилган.
“Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон катта спорт делегацияси билан иштирок этишни режалаштирмоқда. Зиммамизда айни пайтда қандай масъулият турганини жуда яхши ҳис қилиб турибмиз. Мақсадимиз Риодаги Олимпия ўйинларидан ҳам яхшироқ натижа қайд этиш. Биз навбатдаги Олимпия ўйинларига тайёргарликни аллақачон бошлаганмиз. Ўйинлар бошланишига яқин мамлакат иқлимига, маҳаллий шарт-шароитга мослашиш мақсадида спортчиларимиз учун айнан Японияда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил қилиб берамиз. Бу масалада бизга ёрдам берасиз деган умиддаман”, деди МОҚ президенти.
Умид Аҳмаджонов Токиога сафари давомида Япония Миллий олимпия қўмитаси президенти Цунэкадзу Такэда билан ҳам учрашади. Томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, яқинлашиб келаётган Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.
Маълумот учун, Умид Аҳмаджонов Япониядан тўғри Россия пойтахти Москва шаҳрига йўл олади. У ерда FIFA Конгрессида иштирок этиб, футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш учрашуви – Россия-Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги баҳсни “Лужники” стадионининг мартабали меҳмонлар ложасидан томоша қилади.