...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов ўзбек футболидан четлатилган шахслар ҳақида жиддий гапирди


13:47, 21.04.2018 Спорт
 4 083

“Биз футбол бўйича чора кўрамиз, қолгани билан прокуратура шуғулланади”, деди ЎФА биринчи вице-президенти.

Ўзбекистон футбол ассосиацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов яқинда берган интервьюларидан бирида ўзбек футболидан четлатилган икки мутахассис – Вадим Абрамов ва Самвел Бабаян, шунингдек, ёши кичиклаштирилган сабаб четлатилган футболчилардан бири Дилшод Аҳмадалиевларнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритди.
 
Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор” клуби ярим ҳимоячиси ва яна тўрт футболчи Умид Аҳмаджонов томонидан бир умрга футболдан четлатилган эди.
 
– Ҳа, Вадим Абрамов ёмон ишламаган. Аммо сиз тушунмаган нарсаларни унинг ўзи жуда яхши тушунади. Ким нима қилган бўлса ҳам, бу унга ҳамма нарса мумкин дегани эмас. Абрамов мисолида буни қолганлар ҳам тушуниб олиши керак.
 
У каби мутахассисларни четга чиқариб, бирор нима ютмаймиз. Абрамов футболдаги билимларини кимгадир ўргатиши, қайсидир клуб билан ишлаши, муваффақиятга эришиши мумкин. Бемалол. У футболга қайтади, аниқроғи, биз уни футболга шунчаки душман қилиб қўя олмаймиз. Чунки ҳаётининг катта қисмини шу соҳага бағишлаган. Аксинча, ундан ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар борми, марҳамат, ўргатсин, шогирдлар орттирсин, футболчилар етиштириб чиқарсин. Биз уни эркин фикрлари учунгина четга чиқариб қўймадик.
 
Айни пайт футболда фаолият олиб бораётганлар бир нарсани яхшилаб билиб олсин. Қайсидир мураббийда, қайсидир футболчида ёки раҳбарда қинғирлик, коррупция ҳолати ёки қандайдир бошқа жиноят кўринса, улар энди қонун олдида жавоб беради. Ҳеч ким ўз манфаатини клубникидан, мухлисларникидан устун қўймайди.
 
Чунки футбол ҳамманики, меники ёки сизники эмас. Президент Шавкат Миромоновичдан шундай топшириқ бор, буёғига давлат пулини, халқ пулини кимдир еб кетишига йўл қўя олмаймиз. Шунингдек, кимдир тотализатор компаниялари орқали пул ишлаб олиш мақсадида футболдан, футболчилардан фойдаланаётганини сезиб қолсак, уларга ҳам жиддий чоралар кўрилади.
 
Биз футбол бўйича чора кўрамиз, қолгани билан прокуратура шуғулланади. ФИФА айтган, футболга ҳеч ким аралаша олмайди, деб ўйлашмасин. Ўз-ўзидан ташқи таъсир футболга бурун суқмайди, бироқ биз унинг ичидаги қуртларни қуритиш учун ҳаракат қиламиз. Ўша ФИФАни бошқарган амалдор инсонлар вақти келиб жавоб бераётганини ҳамма кўриб, билиб турибди.
 
Вадим Абрамов ишини Ижроқўм қайта кўриб чиқади. У ўз тажрибаси билан Ўзбекистон футболига фойда келтиришни истаса, унга имконият берилади.
 
Самвел Бабаяннинг футболга қайтганини Латвия нашрларидан билдик. Бабаян борасида позициямиз ўзгармайди. Миллий терма жамоадан ўз манфаати йўлида фойдаланган деб ҳисоблаганимиз учун ҳам яқин орада ўзбек футболига қайтаришни режалаштираётганимиз йўқ.
 
ЎФА қарори фақат биз учун амалда бўлади. Халқаро миқёсда эса омадини берсин. Энди бизнинг футбол фақатгина битта инсонга қараб қолмайди, фақат бир киши ҳаммасини ўз ҳолича ҳал қилиб ташламайди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқаришга интилади. Қолаверса, мундиални ўтказиб олсак, хорижлик тажрибали мутахассисни ҳам Ўзбекистонга олиб келамиз.
 
Ёшни кичиклаштириш жиддий масала. Биз бундай иллатни буткул йўқотиш учун ҳаракат қиламиз. Яқин келажакда футболга кириб келаётган ҳар бир болани умумий базага киритиш ва шу орқали уларни назорат қилиш тизимини Ўзбекистонга олиб кирамиз.
 
Бу тизим Европа ва Осиёнинг айрим мамлакатларида муваффақиятли ишлаяпти. Бунда қандайдир футболчи 14—15 ёшида пайдо бўлиб қолмайди, биз уларни ўша кичик гуруҳчаларда тўп тепишни бошлаганидан буён назоратга оламиз. Бу эса юқоридаги иллат учун яхшигина болта уради.
 
Шу вақтгача ўзимизни алдаб келдик болалар ва ўсмирлар футболида натижа кўрсатиб. Энди биз улардан натижа талаб қилмаймиз. Мураббийлар олаётгани соврини билан мақтанишни йиғиштирсин, улар қандай савиядаги футболчиларни тарбиялаб бераётганига эътибор қаратсин.
 
Ҳа, ўша Дилшод Аҳмадалиев ёки бошқаси ҳам жуда ёш вақтида хато қилган. Биз кап-катта одамларни кечириб, иқтидорларни футболдан бездириб қўймаймиз. Уларни қайтарамиз футболга. Ниятимиз одамлар кўнглини спортдан бездириш эмас, спорт ичидаги иллатларни йўқотиш. Ўша Аҳмадалиев ва бошқалар мисолида футбол мураббийлари ҳам, бошқалар ҳам қулоғига яхшилаб қуйиб олсин, энди олдинги футбол йўқ.
 
Олдинги футболда ишлаган мураббийлар ҳам, раҳбарлар ҳам, энди янги талаблар бўйича бирдек жавобгар бўлади. Кейинги сафар фақатгина футболчини эмас, мураббийи ва ўша мактаб раҳбарини ҳам қўшиб ҳайдаймиз, футболчининг ота-онаси эса давлат ҳужжатини сохталаштириш бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.
 
Бундай бўлмаслиги учун мураббийлар, клублар раҳбарлари ҳар бир болани яхшилаб текширсин, мактаби ҳам, боғчаси ҳам, маҳалласи ҳам четда қолиб кетмасин. Ота-оналар эса озгина ақли бўлса, мурғак болаларни жиноят йўлига бошламасин. Сўнгги пушаймон ўзингга душман деганларидек, биз болаларни эмас, уларни бош айбдор деб ҳисоблаймиз.
 
Хулоса, Умид Аҳмаджоновнинг юқорида айтган сўзларида қандайдир жон бордек кўринмоқда. Чунки Ўзбекистон футболи сўнгги йиллар ривожланишдан тўхтаган эди. Аҳмаджонов эса бу ташкилотчиликни ўз зиммасига олиб, барчасини бошидан бошлашга ҳаракат қилмоқда. У дастлабки ишини ўзбек футболидаги зарарли қурт-қумурсқалар (ким ҳақида гап кетаётганини яхши тушундингиз) ни йўқотишдан бошлади.
 
Демак, қайерда ҳалоллик бўлса, ўша ерда ижобий ўзгариш, ривожланиш бўлади. Ҳатто, Президент Шавкат Мирзиёв футболга коррупция аралашмаса, нима бўлишини қуйидаги чиқишида таъкидлаб ўтганди.
 
“Агар адолат бўлса, коррупция бўлмаса нима бўлиши мумкинлигини футбол кўрсатди”, Шавкат Мирзиёев.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!