Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўзи четлатилган беш нафар футболчига қайта имкон берилишини айтганди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов юқоридаги жараён бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ҳаётда ҳамма хато қилади, буни тушуниш мумкин. Аммо, битта хатони икки бор қайталашни тушуниб бўлмайди. Футболдан четлаштирилган йигитлар ҳали анча ёш. Улар хато йўлга кирганини тушуниб етди. Мамлакатимиз Президенти билмай айб иш қилаётган минглаб инсонларни афв этаётган бир вақтларида, биз ҳам тушуниб-тушунмай нотўғри ишга қўл урган футболчиларга яна бир бор имкон беришимиз керак. Энди улар ғирромлик нима эканини яхши тушунади. Буёғига улардан ўзини спортга баҳшида этиб, юқори чўққилар сари интилиш талаб этилади”, деди Умид Аҳмаджонов.
“Йиллар давомида ўсмирларимиз қўлга киритиб келган ютуқларга шубҳа билан қарашимизнинг ўзиёқ уят. Биз нафақат болалар футболини, балки ўзимизни алдаб келганмиз. Бизда болалардан натижа талаб қилинмайди, биз катта футболдан натижа кутамиз. Болалар спортини эса софлигича қолдириш тарафдоримиз. Ўз навбатида мана шу софликка раҳна соладиган инсонларга орамизда жой йўқ”, деб фикр билдирди ЎФА биринчи вице-президенти.
“Ҳали ҳам кеч эмас, ҳаммасини қайтадан, тўғри йўлда бошлаш учун вақтимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Бир неча ойлар давомида севимли касбидан узоқда бўлган футболчилар, қолганларга ўрнак бўлсин. Зеро, кейинги айбдорлар кечирилмаслиги ҳам мумкин. Қайтадан имконият берилаётганлардан эса фақат ва фақат юқори марраларни умид қилиб қоламиз. Энди уларда ўзларини кўрсатиш учун имконият бўлади”, дея фикрини якунлаган Аҳмаджонов МОҚ Матбуот хизматига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқарони афв этганди.