Улуғбек Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан мукофотланди.
“Бугун ўзгача кун бўлди. Яхши ниятлар, албатта, ижобат бўлади. Кичик меҳнатимизни шундай катта унвон билан тақдирлашганидан бошим осмонга етди. Қувончим чексиз. Биринчи бўлиб отам ва онамга айтдим, улар ҳам жуда қувонишди. Шундай тинч ва фаровон юртда яшаётганимиз, хотиржам ижод қилаётганимиз ҳамда ижод маҳсулларимизни халқимизга тақдим этаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукр! Бу унвон янада масъулият юклайди, албатта. Янада ижод қилишга ундайди. Яна бир бор ҳаммага тилаклар учун катта раҳмат Мана шу юртда туғилиб, шу юртга хизмат қилаётганимдан хурсандман”.
Президент фармонига биноан, Улуғбек Раҳматуллаевдан ташқари Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари Эркин Комилов “Фидокорона хизматлари учун” ордени, Гавҳар Зокирова ва Зуҳра Ашурова Ўзбекистон халқ артисти унвони, хонанда Милена Мадмусаева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони, хонандалар Акбар Отамуҳаммедов, Манзура Йўлдошева, Машҳурбек Раимжонов, актриса Наргиза Абдуллаева, актёр Расулхон Қодирхонов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.