...
МЕНЮ
ONLINE TV

Уитни Хьюстоннинг куёви турмуш ўртоғи гиёҳванд моддалар сабаб вафот этганини маълум қилди


12:42, 28.04.2016 Шоу-бизнес
 3 508

Бугун Уитни Хьюстоннинг ягона фақарзанди, қизи Боббининг турмуш ўртоғи Ник Гордон рафиқасининг ўлимидан сўнг илк бор интервью берди.

Ёдингизда бўлса, сайтимиз орқали машҳур хонанда Уитни Хьюстоннинг ягона фарзанди Бобби Кристина Брауннинг вафоти ва унинг ўлими билан боғлиқ мақолани эътиборингизга ҳавола этгандик. Кеча, 27 апрель куни Боббининг турмуш ўртоғи Ник Гордон рафиқасининг ўлимидан сўнг илк бор интервью берди ва бу интервью бугун, 28 апрель куни АҚШ телеканалларида намойиш этилади.
 
Дастлаб, Бобби Кристина Брауннинг бетоблиги борасида интернет-нашрларида ўтган йилнинг январь ойида турли хабарлар тарқалди. Чунки 2015 йилнинг 31 январь куни 22 ёшли Ник Гордон ва унинг дўсти Макс Ломас Боббини уйидаги ювиниш хонасидан беҳуш ҳолда топишганди. Ник ва Макс тез ёрдамни чақиргач, вақтни бой бермаслик учун керакли муолажаларни қилишади, аммо Боббини ўзига келтиришнинг имкони бўлмайди.
 
Бобби Розуэлл шаҳридаги шифохонага беҳуш ҳолда олиб кетилади. Кўрсатилган биринчи ёрдам бесамар кетади. Бобби комага тушади ва уни беморнинг ҳаётини сақлаб турувчи аппаратга улашади. Шу тариқа у 6 ой комада ётади. Шифокорлар унинг миясида ўзгариш юз берганини тахмин қилишган эди. Чунки у инсон сезиши мумкин бўлган ташқи омилларни сезмай қўйганди. Орадан бир неча ой ўтса ҳам Боббида ҳеч қандай ижобий ўзгариш кузатилмади. Шундан сўнг, 11 февраль куни шифокорлар Боббининг ҳаётини сақлаб турувчи аппаратни ўчириш истагини билдиришади. Аммо у яна 5 ой шу ҳолатда ётади ва 2015 йилнинг 27 июль куни ярим тунда вафот этди.
 
Боббининг жасади устида ўтказилган суд тиббий хулосаси ҳеч кимга ошкор қилинмади. Ҳукумат вакиллари қаторида Боббининг турмуш ўртоғи Ник Гордон ҳам экспертиза хулосасини ошкор қилишларига қаршилик билдирди. Никнинг ўзини бундай тутишига сабаб, у рафиқаси билан боғлиқ “бахтсиз ҳодиса”даги энг биринчи гумонланувчи шахс эди.  Аввалдан Боббининг ўлимида айбдор деб тахмин қилинаётган Ник бу воқеадан кейин оммавий ахборот воситалари ва Уитни Хьюстоннинг қариндошлари томонидан “сиқувга” олинди. Ҳамма 22 ёшли Боббининг бевақт ўлимида айнан Никни айбларди.
 
Бобби  қариндошлари билдирган фикрларга кўра, Ник Боббини ҳушсиз топишларидан олдин унинг томиридан номаълум суюқликни жўнатган. Уларнинг айтишига қараганда, у шу йўл билан Боббига аён бўлган қандайдир айбини “ёпмоқчи” бўлган. Бобби ҳушсиз ҳолатга келганидан кейингина у тез ёрдам машинасини чақирган. Марҳумнинг қариндошлари Ник юборган суюқлик Боббини тамомила карахт ҳолатга келтиргани, саломатлиги шу сабабли тикланмай, мияда турли ўзгаришлар ва асоратлар юз бериб, охир-оқибат унинг вафот этганини айтишганди.
 
Айни вақтда Боббининг ўлимида гумонланувчилар рўйхатида биринчилардан бўлиб Ник Гордон турибди. Рафиқасининг вафотига 9 ой бўлганига қарамай, у бирор жойда воқеага нисбатан изоҳ бермади. Бугун АҚШ телеканалларининг бирида намойиш этиладиган Доктор Фил билан бўлиб ўтадиган суҳбатда унинг илк интервьюси намойиш этилади.
 
Ник Доктор Филбилан суҳбатда Бобби билан ўтган бахтли кунлар ва ундан кейинги 9 ой ҳақида шундай дейди:

“Бобби Ниппининг ўлимидан сўнг наркотик моддаларга ружу қўйди. (Куёвини ўз ўғли каби кўрадиган Уитни Хьюстонни Ник Ниппи деб чақирарди) Ўша мудҳиш воқеадан сўнг у жуда ўзгариб қолди. У онасининг вафотидан кейин гиёҳванд моддаларга ружу қўйганди ва бу йўлдан уни ҳеч ким қайтаролмади. Афсуски, ўша вақтда бу унинг қалбидаги оғриқни босувчи ягона йўл бўлиб кўринган бўлса керак. Мен Крисси билан бўлиб ўтган воқеани ҳалигача ўйларимга сиғдира олмайман. Унинг ёнимда йўқлиги мени синдирди. Бу мен учун жарликнинг энг тубига тушиб кетиш билан баробар ҳолат. Мен руҳий ёрдамга муҳтож эдим ва бу вазиятда мени қўллаб-қувватлаганларга ташаккур айтаман”.
 
2016 йилнинг июль ойида Бобби Кристина Брауннинг вафотига бир йил тўлади. Гарчи Никнинг айби ҳеч қандай далил билан тасдиқланмаган бўлсада, Уитнининг қариндошлари Боббининг ўлимида Никни айблашда давом этмоқда. Шу аснода улар Ник Гордондан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ундиришмоқчи. 
Умида Якубова

Теглар:Уитни Хьюстон Бобби Кристина Браун Ник Гордон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!