2007 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистонда амалга оширилаётган ишлар тарғиботига эътибор қаратди.
“Бизда мамлакатни бутунлай ўзгартирган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Халқнинг ижтимоий-маиший ҳаёт даражаси кўтарилмоқда, янги шаҳарлар ва қишлоқлар пайдо бўлмоқда, йирик кўприклар, аэропортлар, мактаблар ва университетлар барпо этилмоқда”, дейди Туркманистон раҳбари ҳукумат аъзоларига қилган мурожаатида.
Аммо президентнинг фикрича, Туркманистоннинг эришган ютуқлари ҳақида дунё аҳли жуда оз билади ва бу ютуқларни тарғиб қилиш янгича ёндашувни талаб қилади.
“Мазкур масалани ечишнинг энг самарали йўли дунё ОАВлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, бизнинг ютуқларимиз ҳақида маълумот беришдир”, дейди президент.
Бундан ташқари, давлат раҳбари маҳаллий ОАВни қайтадан ташкил этиш кераклигини кўрсатиб ўтди.
Маълумот ўрнида, Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистоннинг иккинчи президенти ҳисобланади ва 2007 йилнинг 14 февралидан буён давлатни бошқариб келади. Унгача мамлакатни Сапармурат Ниёзов 1991-2006 йиллар мобайнида бошқарган.