15 июлдаги исён туфайли Туркияда катта “тозалаш” ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда мамлакат Адлия вазири Бакир Бўздоғ 28 сентябрда берган интервьюсида айтиб ўтган. Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг 70 минг нафари текширувдан ўтказилган ва уларнинг 32 минг нафари ҳибсга олинган. Бу жараён давом этмоқда, дея хабар беради “Lenta.ru”.
Туркия ҳукумати 15 июлдаги исён бошчиси деб ҳисоблаётган Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровига тез орада АҚШдан жавоб олади.
Фитначилар Анқара ва Истанбул кўчаларига ҳарбий машиналарни олиб киришди ва асосий объектларни қўлга олишга уринишди. Бироқ хавфсизлик хизмати ходимларининг кўпчилиги мавжуд ҳокимиятга ишонч билан қарашди. Фитна ўз охирига етмади. 246 нафар одам ҳалок бўлди, икки минга яқин одам жароҳатланди.
Исён бостирилганидан сўнг, Туркиядаги ҳокимият органларида, давлат бошқарувида, армияда, махсус хизмат тизимида, таълим масканларида улкан “тозалаш” ишлари олиб борилди ва ҳозирга қадар давом этмоқда.
27 сентябрь куни Миллий разведка ташкилотининг Гулен билан алоқадорликда гумон қилинган 87 нафар ходим ишдан бўшатилди. Худди шу сабаб билан 26 сентябрь куни 76 нафар суд тизими ходимлари ишдан олинган эди.
Айни вақтда Туркия ҳукумати Гуленни АҚШдан тортиб олишга ҳаракат қилмоқда. Фатҳуллоҳ Гуленнинг ўзи бўлиб ўтган фитнани қоралаган ва унда иштирок этмаганини таъкидлаган. Шунингдек, Вашингтон рухсат бериши билан Анқарага қайтишга тайёр эканини айтиб ўтган.