Ўзбекистоннинг етакчи интернет-нашрлари раҳбарлари ҳам ушбу тадбирда иштирок этмоқдалар.
20 га яқин мамлакатдан келган 100 нафарга яқин журналистлар қаторида Ўзбекистоннинг етакчи интернет-нашрлари раҳбарлари ҳам ушбу тадбирда иштирок этмоқдалар. “Qalampir.uz” сайти раҳбари Қамариддин Шайхов Туркиядан хабар қилади.
Қамариддин Шайхов, “Qalampir.uz” сайти раҳбари:
– Ўтган йилнинг 15 июль куни Туркия Республикасининг Анқара, Истанбул, Мармара шаҳарларида амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишлар Ўзбекистондаги кўплаб ОАВ орқали ёритилган эди.
Халқ – катта куч! Мамлакатнинг бугуни ва эртаси халқнинг бугунги интилишлари, қарори ва босган қадами инъикосидир. Шу нуқтаи назардан, Туркия халқи ҳам мамлакатдаги мавжуд тизимни сақлаб қолиш, демократия учун курашди, қурбонлар берди. 15 июль Туркияда Миллий ирода зафари куни сифатида тарихда қолди.
Анқарадаги учрашувларимиз Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бошқармасидан бошланди. Мазкур бошқармада, шунингдек, тўнтаришлар юз берган ҳудудлар – Анқаранинг Қизилой майдони, Истанбул шаҳар марказида ва бошқа кўплаб марказий кўчаларда, АК партиянинг марказий биносида 15 июль воқеалари акс этган суратлар ва видеороликлар ўрин олган паннолар ташкил этилган. Унда ўша мудҳиш тун ва мамлакат мустақиллиги сақлаб қолинган 16 июль тонгининг энг эътиборни тортадиган лавҳаларини кўрдик.
Туркиядаги ташрифнинг энг қизиқ учрашувлари ҳали олдинда. Бунда Ўзбекистон журналистларининг иштироки алоҳида эътиборга моликдир.