Ҳозирда ногирон кишилар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаган.
Пенсионерларнинг муайян бир қисмини ногиронлар ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳозирги вақтда ногирон кишилар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаганини таъкидлаб ўтди.
“Бу ҳақиқатни афсус билан тан олиш керак. Ногиронларни, айтайлик, протезлар, инвалидлар коляскалари билан таъминлаш, уларнинг турар-жой ва маъмурий биноларга кириб-чиқиши, метро ва автобуслардан бемалол фойдаланиши учун пандуслар ва платформалар қуриш каби масалаларда, умуман, ушбу социал тоифанинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда талайгина камчилик ва муаммолар борлиги сир эмас”, дейди Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида.
Шавкат Мирзиёев ўз сўзида давом этар экан, “Шу борада ХДП қачон бирорта қонун ташаббускори бўлиб майдонга чиқди ва унинг ижроси устидан қандай назорат олиб борди? Ёки “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини яхшилаш бўйича партия томонидан амалий ҳаракатлар бўляптими?”, дея танқидий руҳда гапирди.
Йиғилишда яна бир муҳим масала – пенсионерларни дори-дармон билан таъминлашдаги муаммолар ҳақида ҳам сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарига кам таъминланган оилалардан, хусусан, пенсионерлардан кўплаб шикоятлар, ариизалар тушгани Халқ демократик партиясининг мана шу муҳим ижтимоий масалалар билан яқиндан шуғулланмаганидан дарак беради.