...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркияда 100 доллар 685 тлга чиқди. Бунинг боши не, охири не?


15:33, 13.08.2018 Олам
 7 203

Роҳиб Брансон икки давлат ўртасидаги можароларнинг сўнггиларидан бўлди.

Сўнгги кунларда Туркия миллий валютаси лира Америка долларига нисбатан кескин қадрсизланиб бормоқда. Бунга АҚШ билан муносабатларнинг совуқлашиши жиддий таъсир ўтказяпти.
 
Йил бошидан бери турк лираси АҚШ долларига нисбатан 28 фоиз пасайган бўлса, охирги ҳафта давомида Америка билан юзага келган кескинлик сабаб 5 фоизга қадрсизланган. Бугун, 13 август куни 1 доллар 6,85 турк лирасига, 1 евро 7,81 турк лирасига тенг бўлиб турибди.
 
АҚШ ва Туркия муносабатлари ҳозиргидай ёмонлашиб кетишига қатор сабаблар бор, албатта. Бу сабаблар ҳам минтақавий, ҳам халқаро доирадаги сиёсат билан боғлиқ. Қуйида икки иттифоқчи давлат ўртасидаги можароларга қисқача тўхталиб ўтамиз.
 
АҚШнинг YPG’ни қўллаб-қувватлаши
 
Икки мамлакат ўртасида муносабатларнинг совуқлашиши АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама даврида бошланган. Обама ИШИДни баҳона қилиб, “Курдистон ишчи партияси” (PKK)нинг Суриядаги бўлими YPG’га қурол етказиб берган. Трамп даврида бу ўз чўққисига етди. Туркия бунга қарши чора сифатида Сурияда “Фрот қалқони” ва “Зайтун новдаси” ҳарбий амалиётларини амалга оширди ва Манбиж вилоятининг ғарбий қисмини террорчилардан тозалади. Вилоятнинг шарқий қисми бўйича АҚШ билан Йўл харитаси тузди. Охир-оқибат Манбижнинг шарқидаги YPG аъзолари на ҳудудни тарк этди, на қуролларини топширди. Бу ҳол икки мамлакат ўртасидаги муаммолардан бирилигича қолмоқда.
 
АҚШнинг Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилмаслиги
 
2016 йил 15 июль куни Туркияда ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштиришга уринди ва муваффақиятсизликка учради. Туркияда бу ҳаракатларнинг ортида Фатҳуллоҳ Гулен тургани таъкидланди. Унинг ўзи 1999 йилдан бери АҚШнинг Пенсилвания штатида яшайди.
 
Туркия Гуленга нисбатан кўплаб айбловлар эълон қилди ва АҚШдан уни экстрадиция қилишни сўради. Ўнга яқин мурожаатнинг ҳеч бири инобатга олинмади. Гулен ҳамон АҚШда қолмоқда.
 
Туркия Россиянинг С-400 зенит ракета комплексини сотиб олиши
 
АҚШ билан алоқаларнинг совуқлашишининг яна бир учи Туркия русларнинг С-400  зенит комплексларини сотиб олишига бориб тақалади. Туркия Америкадан Patriot ҳаво мудофааси тизимини сотиб олиш истагини билдириб, ижобий жавоб олмаган. Натижада мудофаа учун муқобил қидириб, Россияга мурожаат қилган. Руслар билан музокаралар ниҳоясига етганда, АҚШ можаро чиқариб, бир неча бор Туркияга санкция билан таҳдид қилди. Аммо келишув бекор бўлмади.
 
С-400 ЗРК баҳона АҚШ Туркияга ваъда қилинган бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини етказиб бермасликка қарор қилди. Мамлакат америка самолётларини ишлаб чиқаришга сармоя киритганди. Самолётлар масаласида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. У Конгрессда муҳокама қилиниб, АҚШ президентига жўнатилган. Трамп уни имзоласа, F-35 қирувчилари берилмаслиги расмийлашади.
 
Қуддус масаласи
 
Исроил АҚШнинг дунёдаги энг муҳим иттифоқчиси.Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олишига энг жиддий тепкини Туркия берди. Президент Эрдўғаннинг талаби билан БМТ мажлиси бўлиб ўтди ва АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишини қабул қилмасликка келишилди. Расмий Анқаранинг Фаластинни қатъий ҳимоя қилиши Америка ва Исроилни ташвишга солиб қўйди.
 
Эронга санкция ортидан Туркияга босим уюштирилиши
 
Дональд Трамп Эрон билан тузилган ядро дастуридан чиқишини маълум қилди. Келишув фақатгина АҚШ ва Эрон ўртасида тузилмаганди. Унга Россия, Хитой, Англия ва Германия ҳам ўз имзоларини қўйгандилар. Трамп келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни қайта жорий қила бошлади.
 
Европа Иттифоқи ва келишувни имзолаган бошқа мамлакатлар буни қоралади. Шу сабаб, Америка бу масалада Туркиянинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун унга босим ўтказа бошлади. Бироқ, энг аввало энергетика соҳасида ва бошқа соҳаларда Эрон билан кўплаб келишувлар борлиги учун, Туркия Эронга қарши санкцияларга қўшилмади.
 
Ва энг охирги роҳиб Брансон муаммоси
 
Роҳиб Эндрю Брансон АҚШ ва Туркия ўртасида можаронинг энг очиқ, шунингдек, кўп тилга олинган сабабларидан. Туркия америкалик роҳибни ФЕТО ва 2016 йилдаги давлат тўнтаришига алоқадор деб ҳисоблаб, ҳибсга олган.
 
АҚШ ўз навбатида фуқаросининг озод этилишини талаб қилмоқда. Шу сабаб, Америка Молия вазирлиги Брансонни қўлга олишга алоқадор икки турк вазири – Адлия вазири Абдулҳамид Гул ва Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуга нисбатан санкциялар қўллади. Икки вазирнинг мамлакатга кириши тақиқланди, активлари музлатилди.
 
АҚШ бу билан чекланиб қолмади. Америка савдо вакили Туркия маҳсулотларини Америкага киритишдаги имтиёзларни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
 
Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўған содир бўлаётган воқеаларни мамлакат иқтисодиётига босим деб баҳолади. Туркиянинг душманлари томонидан мамлакат молия тизимини издан чиқариш учун қилаётган ҳаракатларини охири натижасиз тугашини таъкидлади.
 
Туркия ҳам иқтисодий, ҳам стратегик жиҳатдан Ўзбекистонга шерик, ҳамфикр мамлакат саналади. Туркия иқтисодиётининг эртага қай йўлдан бориши Ўзбекистон учун муҳим саналади. Товар айирбошлашдан ташқари, яна бир муҳим жиҳат бор: Туркияда минглаб ўзбеклар муҳожирликда ишлаб, қозонини қайнатяпти. Уларнинг аксарияти эса уй ишлари ва шунга ўхшаш вазифаларда фаолият юритиб, асосан турк лирасида маош олади. Бундан 2 ой аввал 500 долларга тенг бўлаётган маошлар эса кескин тушиб кетиши эса муҳожирликдагиларга қатор ноқулайликларни туғдириши табиий. Шу боис вазият ўнгланишидан турк халқи билан бир қаторда, мамлакатдаги ўзбеклар ҳам умидвор. Кўрамиз, ўзгаришлар қайси тарафга бўларкин...
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:АҚШ-Туркия лира иқтисодиёт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!