...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркия ва Россиянинг тақдири Эрон ҳамда Саудия Арабистонида такрорланмайдими?


01:06, 23.01.2016 Олам
 4 439

Ҳозирда бутун дунёнинг эътибори Яқин Шарққа қаратилган. Минтақа шундай ҳолатга келиб қолдики, қайси давлатда амалдаги ҳокимият заифлашса ёки унга қарши норозиликлар кучайса, ўша давлат минтақанинг бошқа давлатлари учун кураш майдонига айланмоқда.

Яқин Шарқдаги вазият кундан-кун чигаллашиб бормоқда.   Айниқса, Саудия Арабистони томонидан шу йилнинг 2 январида 47 киши террористик фаолият олиб боришда айбланиб қатл этилиши ва улар орасида араб шиаларининг оятуллоси Нимр ал-Нимрнинг  борлиги мамлакатда ва ундан ташқарида жуда кескин норозиликларни келтириб чиқарди.  Шайх Нимр ал-Нимр 2011 йилда мамлакатнинг шарқида шиаларнинг ҳукуматга қарши оммавий чиқишларини қўллаб-қувватлаган.  2012 йилда эса у ҳибсга олинган.  Суд уни терроризмга алоқадор деб топди ва ўлим жазосига ҳукм қилди.  Табиийки,  бу ҳолатга биринчилардан бўлиб Эрон ҳукумати кескин норозилик билдирди.  Шусиз  ҳам ёмон бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатлар эса янада кескинлашди.  Эрон Ташқи ишлар  вазирлигининг матбуот котиби бўлиб ўтган воқеага нисбатан фикр билдирар экан,  “Саудия Арабистонининг бу иши унга қимматга тушади”, – деб таъкидлади.  Эроннинг бошқа расмийлари томонидан ҳам кескин фикрлар билдирилган дейди “Dailysabah.com”

Саудия Арабистонидаги оммавий қатлга жавобан Эрон пойтахти Теҳронда маҳаллий аҳоли Саудия Арабистонининг элчихонасига бостириб кирган.  Бу эса 1961 йилда қабул қилинган “Дипломатик  алоқалар тўғрисида”ги Вена конвенциясининг бир неча бандларига  зид ҳисобланади.  Шундан сўнг  Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларини тўхтатди.  Бундан ташқари Иордания,  Судан,  Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Баҳрайн каби араб давлатлари  Эрондан ўз элчиларини чақириб олдилар.  Бу вазиятдан шундай тўхтамга келиш мумкинки,  Яқин Шарқда минтақавий қутблашиш жараёни фаоллашди. 

Қутблашиш жараёни кучайишининг бошқа сабабларини тушуниш учун сўнгги  беш йилда минтақада бўлган икки ўзгаришга эътибор қаратишимиз лозим.  Биринчидан,  АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокининг ўзгариши,  иккинчиси эса,  бир неча араб  давлатларида мавжуд ҳокимиятнинг ағдарилиши.  АҚШ ўзининг ҳарбий иштироки билан минтақадаги тартибнинг кафолатчиси эди.  Президент Барак Обаманинг ҳарбий харажатларни қисқартириш мақсадида Ироқдан Америка ҳарбийларини чиқариши минтақада ким етакчи бўлади  деган масалани ўртага ташлади.   Эрон 2003 йилда АҚШ қўшинларининг Ироққа бостириб кирганидан сўнг ўтган давр мобайнида Ироқнинг шиа аҳолиси орасида сезиларли таъсирга эга бўлиб олганди.   Саудия Арабистони эса  Эроннинг Яқин шарқда  етакчи куч бўлишига доимо қаршилик қилиб келади,  минтақадаги қутблашиш ҳам ана шу икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликнинг натижасидир. 

Саудия Арабистони ва Эрон муносабатларидаги ҳозирги кескин вазиятдан икки мамлакат ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб олмоқчи.  Албатта савол туғилиши табиий:  Қандай? Эронда Парламент ва Экспертлар кенгаши учун сайловлар яқинлашиб келмоқда.  Саудия Арабистони билан муносабатлардаги мавжуд кескин вазият Эрондаги ислоҳотчиларга қўл келиши турган гап.    Саудия Арабистони ҳам мавжуд вазиятдан бир неча мақсадларни кўзлаган.  Эрон билан муносабатлардаги кескинлашув Саудия Арабистонига минтақанинг бошқа давлатлари билан иттифоқини янада кучайтириш ва кенгайтириш имконини беради.

Ҳозирда  бутун дунёнинг эътибори Яқин Шарққа қаратилган.  Минтақа шундай ҳолатга келиб қолдики,  қайси давлатда амалдаги ҳокимият заифлашса ёки унга қарши норозиликлар кучайса,   ўша давлат минтақанинг бошқа давлатлари учун кураш майдонига айланмоқда,  бунга Сурия ва Яман яққол мисол бўлади дейилади “Dailysabah.com” сайтида.

Шу ерда бир савол туғилади,  Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги  муносабатларнинг кескинлашуви ДАИШга қарши курашишга қай даражада таъсир кўрсатади? Бу саволга “Tass.ru” нашрида АҚШ Оқ уйининг матбуот котиби Жош Эрнестнинг  қуйидаги жавоби келтирилган.

“Саудия Арабистони ва Эрон муносабатларининг кескинлашуви ДАИШга қарши курашишга ва  Сурия масаласи бўйича ўтказиладиган халқаро музокараларга ҳозирча ҳеч қандай салбий таъсир этмайди”.

Оқ уй матбуот котибининг айтишича, Суриядаги вазиятнинг ўнгланишидан Саудия Арабистони ва Эрон ҳукуматлари ҳам,  фуқаролари ҳам манфаатдор.    
Руслан Сулаймонов

Теглар:Саудия Арабистони Эрон АҚШ Ироқ Яман Сурия Яқин Шарқ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Nuriddin
15:29 04.02.2016

Террорчилар колиб бу давлат бир бири билан урушиб кетади шекилли. Унгача канча норасидалар халок булади. Нахотки улар шуни тушинишди истамаса. Илохим юртимизнинг тинчлигига куз тегмасин.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!