Ҳукумат аҳолининг талабини қондирмаса, мамлакатдаги вазият жуда кескинлашиб кетиши мумкин. Украинада бўлиб ўтган воқеалар Молдовада ҳам такрорланиши ҳеч гап эмас. Бунинг натижасида шусиз ҳам заиф бўлган иқтисодиёт жар ёқасига келиб қолади.
Кишинёвда бўлаётган воқеалар бирданига бундай кескин тус олгани йўқ. 2016 йилнинг 1 январидан Молдова ва Украинанинг Европа Иттифоқи билан эркин савдо ҳақидаги битими кучга кирди. ЕИ билан савдо улуши Россия билан савдо ҳажмидан ошиб кетди. Икки давлатнинг ЕИ билан савдо алоқалари бундан ҳам ошиши кутилмоқда.
Кишинёвда Украина Майданини эслатувчи норозилик ҳаракатлари тинмаяпти. Лекин бир муҳим фарқ уларни ажратиб туради – намойишчилар ҳукуматдан ЕИга қўшилиш ҳаракатини тўхтатишни талаб қилмоқда.
Молдова ўзининг вино ишлаб чиқариш саноати ва қишлоқ хўжалиги билан машҳур. Мамлакатда табиий ресурслар деярли йўқ, саноат яхши ривожланмаган. Молдова Ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмини чет элга бориб ишловчи молдоваликларнинг пул жўнатмалари ташкил қилади.
Молдова собиқ иттифоқ давлатлари орасида Европага яқинроқ жойлашган. Давлат ЕИга киришга ҳаракат қилади, ҳарбий муносабатларда нейтрал позицияни ушлаб туради. Мамлакатнинг ички асосий муаммоларидан бири – Приднестрове ва Гагаузия вилоятларида автономликка ҳаракат мавжуд.
Молдовада ҳукумат тез-тез алмашади. Давлат сиёсатида олигархиянинг таъсири катта. Молдовада иккита асосий партия мавжуд: Демократик партия ва Либерал-демократик партия. 2009 йилда вакилларининг асосий қисми юқоридаги икки партиядан иборат бўлган Вазирлар маҳкамаси ЕИга кириш сиёсатини бошлади.
Шундай қилиб, молдоваликлар ЕИга киришни олигархия сиёсатининг давоми сифатида кўрмоқдалар ва бунга қарши чиқишмоқда. Молдова элитасининг бу сиёсати Россияни ҳам хавотирга солмоқда. 2013 йил ноябрда Молдова ЕИ билан келишув имзолгандан кейин, Россия мазкур давлатга нисбатан ўз сиёсатини фаоллаштирди. Россия Молдовадан келувчи вино импортини гигиена сабабларига кўра тўхтатиб қўйди. Бундан ташқари Молдовадан келувчи сабзавот, мева ва гўшт маҳсулотлари импорти ҳам тўхтатилди. Шу тариқа Россия Молдовога таъсир этмоқчи бўлди.
Россия Европа Иттифоқининг тобора шарққа қараб кенгайиб бориши ва унинг чегаралари томон яқинлашиб келишидан норози. Шунинг учун, Молдова ҳукуматининг ҳозирги европапараст сиёсати ва ЕИга кириш ҳаракати Россияни ташвишлантирмоқда.
Молдовада салбий иқтисодий ўсиш минус 1% ни ташкил этади. 2015 йил май ойида Молдова Марказий банки халққа шуни маълум қилдики, мамлакатнинг учта катта банкидан оффшор ҳисобларга ноқонуний равишда 1 миллиард АҚШ доллари ўтказилган. Мазкур пул миқдори давлат ЯИМнинг саккиздан бирини ташкил этади. Тергов натижасида Либерал-демократик партия бошлиғи Влад Филат ҳибсга олинди.
Жудда катта пул миқдорининг фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилиниши халқни ғазаблантирди. Бўлиб ўтган воқеа молдоваликларнинг олигархияга нисбатан норозилигини янада оширди. Бу ҳам етмагандек, банкларни қутқариш учун солиқ тўловчиларнинг пуллари сафарбар этилди.
Молдовада оммавий норозилик намойишлари ўтган йилнинг сентябрида бошланган эди. Лекин, шу пайтгача бўлган норозилик чиқишлари 21 январдагидек кескин тус олмаган эди. Намойишчилар ҳукумат олдига бир қатор талабларни қўймоқдалар:
1. Ҳукуматнинг истеъфога чиқиши.
2. 1 миллиард АҚШ долларини фирбгарлик йўли билан талон-тарож қилинишида алоқадорларнинг барчасини жазолаш.
3. Олигархларнинг ҳукумат ишларига аралашишини бутунлай тўхтатиш.
4. Мамлакатнинг ЕИга кириш учун олиб бораётган сиёсатини тўхтатиш.
Молдованинг ҳозирги ҳукумати аҳолининг талабини қондирмаса, мамлакатдаги вазият жуда кескинлашиб кетиши мумкин. Украинада бўлиб ўтган воқеалар Молдовада ҳам такрорланиши ҳеч гап эмас. Бунинг натижасида шусиз ҳам заиф бўлган иқтисодиёт жар ёқасига келиб қолади. Молдова сиёсий беқарор давлатга айланиши мумкин.