Элчиликда овоз бериш учун икки кабинадан иборат сайлов участкаси ташкил этилади.
Туркияда сайловолди жараёнлар кун сайин қизғин тус олмоқда. Партиялар ўртасидаги кураш дунё ҳамжамияти томонидан катта эътибор ва синчковлик билан кузатиб борилмоқда.
Туркия Республикаси Президенти лавозимини ким эгаллаши Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим. Айниқса, ўтган бир ярим йилда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ташаббуси билан икки мамлакат муносабатлари тикланди, Президент Мирзиёев айтганидек, ўртадаги музлар эриди. Бу аллоқаларнинг кейинги даври қандай бўлиши бевосита 24 июнь куни бўлиб ўтадиган сайловга боғлиқ.
Туркия Республикасининг Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаётган фуқаролари қандай қилиб ушбу сайловда иштирок этишлари мумкин? Бу саволга Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен аниқлик киритди.
“Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча турк ватандошларимизни элчиликда кутамиз. Улар ўз фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда Туркия Республикаси Президенти сайловида иштирок этиб, ўзлари танлаган номзодга овоз беришлари, мамлакатнинг келажак 5 йилдаги тақдирини белгилашлари мумкин. Сайлов Рамазон ҳайитининг учинчи кунига тўғри келяпти. Демак, биз бу кунни икки кара байрам қиламиз”.
Маълум қилишларича, элчиликда овоз бериш учун икки кабинадан иборат сайлов участкаси ташкил этилади. Туркия фуқаролари 17 июнь куни соат 09:00 дан 21:00 га қадар овоз бериш жараёнларида иштирок этишлари мумкин.
Сайлов қутилари аэропортларда ҳам ташкил этилади. Ҳар бир фуқаро бир марта овоз бериш ҳуқуқига эга. Овоз берганлар рўйхати компьютерга киритиб борилади. Фуқаро қайта овоз берган тақдирда, кейин овозлар қабул қилинмайди.