...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ту-154 ҳалокати қурбонларидан бирининг жасади кимники экани маълум бўлди


14:20, 13.01.2017 Олам
 4 601

Москва суд экспертизаси бюроси ДНК текшируви орқали Ту-154 самолёти қурбонлари орасида Доктор Лизанинг жасади топилганини маълум қилди

2016 йилнинг 25 декабрида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига қарашли Ту-154 самолёти Сочидан учгандан сўнг, 20 дақиқа ўтиб радар экранларидан йўқолди.
 
Кейинроқ, Сочидан Сурияга парвозга отланган лайнер Қора денгиз тубига ғарқ бўлгани, самолёт бортида бўлган 92 кишидан ҳеч ким омон қолмагани маълум бўлди.
 
Улар орасида Алеппода концерт бериши режалаштирилган Александров номли ашула ва рақс академик ансамблининг 64 аъзоси, жумладан, жамоа раҳбари Валерий Халилов, Латакиядаги Тишрин госпиталига гуманитар юк элтаётган “Адолатли ёрдам” жамғармасининг ижрочи директори, Доктор Лиза тахаллуси билан машҳур бўлган Елизавета Глинка, “Первый канал” ходимлари – мухбир Рунков, оператор Денисов, овоз оператори Сойдов ва яна бошқа кўплаб эл таниган инсонлар бор эди.
 
Ўшанда Ту-154 самолёти Суриядаги Хмеймим авиабазасига йўл олганди.
 
Ту-154 самолётининг ҳалокатга учрагани хақида берган давомий хабарларимиздан бирида самолёт бортида бўлган 92 нафар йўловчидан фақат 15 нафарининг жасади топилгани, улар Москва суд экспертизаси бюросига олиб келингани, парчаланган самолётнинг фақат 223 та бўлаги топишга муваффақ бўлингани ҳақида маълумот берган эдик.
 
Бугун Москва суд экспертизаси бюроси ҳалокатга учраган Ту-154 самолёти атрофида топилган жасадлар ичида “Адолатли ёрдам” жамғармасининг ижрочи директори, Доктор Лизанинг жасади бор эканини тасдиқлади.
 
ДНК-экспертизаси ёрдамида самолёт қурбонларининг жасадларидан бири айнан Доктор Лиза тегишли экани маълум бўлди, деб ёзади “Vesti.ru”.
 
Маълумотларга кўра, Доктор Лиза тахаллуси билан машҳур бўлган Елизавета Глинканинг дафн маросими шу йилнинг 16 январида бўлиб ўтади.
 
Доктор Лиза хайрия ишлари билан танилган эди. У 2010 йил Россияда йил блогери, деб тан олинган. 2015 йилдан бошлаб гуманитар миссиялар сафида бир неча бор Сурияда бўлган ва сурияликларга дори-дармон тарқатиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишда иштирок этган.
 
Эслатиб ўтамиз, Елизавета Глинканинг “Адолатли ёрдам” фонди Суриядаги Тишрин госпитали мижозлари учун янги гуманитар юкни шакллантирганди.
 
Шу билан бирга, Донецкдан яраланган ва оғир хаста болаларнинг эвакуацияси ҳам одатий тартибда амалга оширилади. Эвакуация 2017 йил январига мўлжалланганди.
 
2016 йилнинг 8 декабрь куни Доктор Лиза Россия Федерацияси президенти Владимир Путин томонидан “Ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги юксак хизматлари учун” давлат мукофоти билан тақдирланганди.
 
Тақдирлаш маросимида сўзга чиқар экан, Доктор Лиза ушбу сафардан қайтиб келмаслиги мумкиндиги ҳақида ҳам айтганди.
 
“Биз сиёсат ичида бўлмаган ҳуқуқ ҳимоячиларимиз. Биз барча билан тинчлик, диалог ва ҳамкорлик тарафдоримиз. Бугун бир неча кун аввал хизмат вазифасини бажараётган вақтда Сурияда ўлдирилган ҳамкасбларим, Донецкда вафот этган тиббиёт ходимлари ҳақида гапирмай ўтолмайман. Шунингдек, Донецкда ўлдирилган юзлаб болалар, Сурияда дафн этилган минглаб гўдаклар ҳақида гапирмасликнинг ҳам имкони йўқ. Уларнинг жойи жаннатда бўлсин.
Эртага мен Донецкка учиб кетаяпман. У ердан эса мен каби ўнлаб хайрия ишлари билан шуғулланадиган кўнгиллилар билан Сурияга парвоз қиламан.
 
Биз у ердан тирик қайтиб келишимизга ҳеч қачон амин бўлмаганмиз. Чунки уруш бу – ер юзидаги дўзаҳдир. Мен нима ҳақида гапираётганимни биламан. Бироқ биз раҳмдиллик, меҳр ва ҳамдардлик ҳар қандай қуролдан ҳам кучли эканини биламиз”, деган эди Елизавета Глинка.
Умида Якубова

Теглар:Ту-154 Авиаҳалокат Доктор Лиза 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!