...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тўй ёки давлат тадбири: Шаҳноза Отабоеванинг лицензияси нега олиб қўйилди?


13:58, 31.05.2017 Шоу-бизнес
 13 004

Шаҳноза Отабоеванинг ўзи билан боғланганимизда ҳозир суратга олиш жараёнида қатнашаётганини маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, кеча хонанда, "Ниҳол" мукофоти совриндори Шаҳноза Отабоеванинг лицензияси олиб қўйилган эди. Ушбу хабар фойдаланувчилар ўртасида шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Айримлар “қўшиқчиларнинг сони камайганидан хурсанд”лигини билдирса, баъзилар Шаҳноза Отабоеванинг лицензияси олиб қўйилганини адолатсизлик деб баҳолашди.
 
Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси билан боғландик. Муассаса ходимининг сўзларига кўра, хонанда лицензия битимида белгиланган мажбуриятларни бажармаган. Матбуот хизмати вакилига биноан қўшиқчи "Жиззахда ўтказилаётган давлат миқёсидаги "Баркамол авлод" тадбирларида қатнашмади. Репетицияларда иштирок этди, бироқ огоҳлантиришдан сўнг ҳам моддий манфаатларини юрт манфаатидан устун қўйган ҳолда тўйга кетган".
 
Шаҳноза Отабоеванинг ўзи билан боғланганимизда ҳозир суратга олиш жараёнида қатнашаётганини маълум қилди ва мазкур ҳолат юзасидан изоҳини SMS-хабар орқали юборишини билдирди.

"Мазкур тўй Сурхондарё вилоятида бўлиши керак эди, тўй хизмати эса бир ой аввалдан олиб қўйилганди. Давлат тадбири борлигини тўй эгаларига айтганимда, улар Жиззахда яшаётган "Дипломат" меҳмонхонасининг тагига келиб олишди. "Халқ сизни кўраман, деб ният қилган, эртага олиб келиш қўлингдан келмабди, деган гапни кўтара олмаймиз, бизни шарманда қилманг, керак бўлса, порталга ҳам ёзамиз, агар бормасангиз, ўзимни осаман", деб меҳмонхонанинг олдида туриб олишди.
 
"Ўзбекнаво"даги Одил акага (Одил Абдуқаҳҳоров – Махсус рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилий бошқарма бошлиғи) "акажон, майли мен тадбирда қолишим учун, бирор вариант қилиб, ўрнимга машҳурроқ санъаткорни юборайлик", деб илтимос қилдим. Бўлмаса, "Ўзбекнаво"дагиларга бўлаётган вазият ҳақида уч кун олдин хабар берганман, барча репетицияларга қатнашганман. 23 май куни тадбирдан олиб ташлашганида, тўй эгаларига телефон қилиб, "бўлди, сиқилманглар, тадбирдан олиб ташлашди, бораман", дедим. Улар "ниятимиз холис экан", деб хурсанд бўлишди.
 
24 май куни "Жаннатмакон Ўзбекистон" деб номланган қўшиғимни олиб ташлаб, "Водийларни яёв кезганда" деб номланган қўшиғимни тадбирга қўшишди. Бундай вазиятда қандай қилиб, тўй эгаларига "яна бора олмайдиган бўлиб қолдим", дейман.
 
Икки ўт орасида қолиб кетдим, на "Ўзбекнаво", на тўй эгалари аҳволимни тушунишди.
 
Тўйга пул учун бормадим, ҳеч қачон туғилиб ўсган юртимнинг, яъни Сурхондарё вилоятининг тўйларида "мана бунча пул берасанлар", демаганман.
 
Кўп пул ҳам олмагандим, пул учун тадбирни ташлаб кетмадим. У ерда қариндошларим яшайди, туғилиб ўсган юртимга яна боришимни ўйлашим керак эди. Эртага катта муаммо бўлмасин деб, тўйга кетишга мажбур бўлдим.
 
Кеча "Ўзбекаво"га бориб, тушунтириш хатини ёздим. "Одил акага айтганман" дейишимга қарамасдан, расмий билдириш чиқариб юборишди.
 
Пушаймонман, қиз бола бошим билан бу масалага ечим топа олмадим. Бир томонга қарасам, халқ тўйи, бир томонда давлат тадбири, халқ кўтарилиб кетишидан, мисқоллаб йиғган обрўйим тўкилишидан қўрқдим. Юрагим оғриб қолди, тўйда хизматдалик вақтимда ҳам дори ичиб, зўрға, бир аммаллаб тўйни ўтказдим", деб ёзади хонанда ўз SMS-хабарида.

Хонанданинг лицензияси бугун ўз ниҳоясига етади, яъни 1 июнь кунига қадар кучга эга.
 
Маълумот учун, қўшиқчи “Оҳ азизим”, “Фариштам онам”, “Оҳ, десам” каби хонишлари билан танилган.
Ноила Умарова
 

Теглар:Шаҳноза Отабоева лицензия Ўзбекконцерт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

$
14:36 04.06.2017

Одил акага кук карамдан узатмаганда шунга киз бечорани авора килди6



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!