Тошкентдаги “Мурувват” ногирон болалар учун 1-сон интернат уйи тарбияланувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Байрам дастурини Раъно Ярашева табрик сўзи билан очиб берди. Сўнг “Кўзмунчоқ” рақс ансамблининг мусиқий чиқишлари, хонандаларнинг қўшиқлари болаларга хурсандчилик улашди.
Мурувват уйи 1974 йилда ташкил топган бўлиб, унда 320 нафар имконияти чекланган болаларни тарбиялаш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Болаларга тиббий, реабилитацион, психологик, педагогик, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади. Ҳозирги кунга келиб мурувват уйида 297 нафар чуқур ақлан заиф ногирон болалар 7 та гуруҳларга бўлинган ҳолда тарбияланишади. Уларнинг тарбияси билан эса 41 нафар тарбияловчилар, 4 нафар шифокор ҳамда 23 нафар ҳамширалар шуғулланишади. Тарбияловчилар болаларга жамиятда ўз ўрнини топишда ёрдам бериб, қизиқишларига қараб расм чизиш, компьютер сабоқлари, тикиш, дурадгорлик, спорт тўгаракларига жалб этишади.
18 ёшдан сўнг тарбияланувчилар қиз ва ўғил болалар учун алоҳида Саҳоват уйларига жойлаштирилади.
Мурувват уйида 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалар тарбияланиш билан бирга, қатор паралимпия мусобақаларида иштирок этишади. Жумладан, 1995 йилда АҚШда, 1997 йилда Канадада, 2006 йилда Белгияда ўтказилган паралимпия мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашган.
Интернат тарбияланувчиси Станислав Стас 2010 йилда Малайзияда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича мусобақада қатнашган. Бундан ташқари, Ўзбекистон бўйича имконияти чекланган болаларни тарбияловчи мурувват уйлари орасида жорий йилнинг март ойида мини футбол ҳамда эстафета мусобақалари ўтказилди. 1 июнь - Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Қувноқ стартлар” мусобақасининг республика босқичида мазкур “Мурувват” уйи вакиллари 2-ўринни эгаллашди.
Шоира Шермуҳаммедовна, “Мурувват” НБУ 1-сон интернат уйи ўқув-тарбиявий ишлар бўйича раҳбар ўринбосари:
- Шу йилнинг 3 сентябрь куни “Истиқлол” санъат саройида 6 та Мурувват уйлари томонидан байрам ўтказилди. Унда имконияти чекланган болалар тўгаракларда тайёрлаган ишлари билан қатнашди.
Ҳозирда 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида иштирок этишга тайёргарлик кўряпмиз. Ҳамидов Раҳимжоннинг ногирон аравачада югуриш эстафетасида иштирок этишини лойиҳага киритганмиз. Насиб этса, шу мусобақага йўлланмани қўлга киритамиз.
Маълумотларга кўра, бутун дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлар ташкил этади. Ўзбекистонда ногиронлар сони 600 мингдан иборат. Шундан 5,7 минг нафари катта ёшли ногиронлар ва кексалар Мурувват ҳамда Саҳоват уйларида истиқомат қилишади. Юртимизда имконияти чекланган кишиларнинг 17 минг нафари ҳар йили миллий ва минтақавий реабилитация марказларида даволанишади. Ўртача 12 минг нафари протез-ортопедик буюмлар ҳамда техник реабилитация воситалари билан таъминланишади.