Inter House академик лицейи ўқувчилари автомобиль бориб урилган дарахтга вафот этган ўқувчининг суратини илиб, унинг хотирасига ўша ерни гуллар билан безатишди.
Ушбу воқеа жорий йилнинг 26 март куни содир бўлган. Ўша куни Тошкентдаги Inter House ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейнинг 4 нафар вояга етмаган ўқувчилари Lacetti автомобилига минишган. Тахминлар ва тасдиғини топмаган хабарларга кўра, машинани Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчиси бошқараётган бўлган. Тунги соат 22:00 лар атрофида тўртовлон ўтирган автомобиль Inter House лицейи яқинида ЙТҲга учраган. Маълумот берилишича, Lacetti катта тезликда йўл четидаги дарахтга бориб урилган. Натижада автобиль таниб бўлмас ҳолатга келиб қолган. Вояга етмаган 4 ўқувчидан 3 таси оғир жароҳат олиб, орқа ўриндиқда ўтирган Шерзод исмли йигит вафот этган. Аниқланишича, вафот этган йигитча Inter House академик лицейининг ўқувчиси бўлган. Буни “Qalampir.uz” билан телефон орқали суҳбатлашган лицей директори ҳам тасдиқлади.
Бугун ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram мессенжерида Inter House академик лицейи ўқувчиларининг автомобиль бориб урилган дарахтга вафот этган ўқувчининг суратини илиб, унинг хотирасига ўша ерни гуллар билан безатиб қўйишгани тасвирланган суратлар тарқалди.
Биз таҳририятимиз номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз.