Кўргазма доирасида “Tashkent Food Festival” миллий таомлар фестивали ҳам очилди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.
Ҳозирда Ўзбекистонда 530 дан ортиқ туроператор ва агентлик, 430 меҳмонхона фаолият юритмоқда. Пойтахт ва вилоятларда “Radisson”, “Lotte”, “Wyndham”, “Hyatt”, “Ramada” каби дунёга машҳур отеллар билан бирга кичик гуруҳларда ва оилавий саёҳат қилувчилар учун хусусий меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда.
“Дам олиш дунёси”да Андижон вилоятининг экспозицияси кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда мазкур ҳудуднинг ўзига хос туристик имкониятлари, сайёҳлик маршрутлари ва хизматлари таклиф этилмоқда. Амалий санъатнинг энг қадимий ва кенг тарқалган тури – каштачилик, хусусан, сўзана тикиш санъати бўйича маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Хорижий сайёҳлик компаниялари, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланаётир. Хусусан, кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид ҳужжат имзоланди.
Кўргазма доирасида “Tashkent Food Festival” миллий таомлар фестивали ҳам очилди. Унда пойтахтнинг элликка яқин ресторан ва кафелари, Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Хоразм вилоятларининг соҳага оид сайёҳлик фирма ва компаниялари тақдимотлари ўтказилмоқда.
Бешинчи маротаба ўтказилаётган кўргазмада Бельгия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Россия, Сингапур, Таиланд, Туркманистон, Туркия, Франция, Хитой, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби мамлакатлардан 200 га яқин фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.