...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент – чиройли шаҳар. Чиқиндиларни ҳисобга олмаганда


15:15, 08.06.2017 Жамият
 3 866

Пойтахтга келган танишларимнинг деярли ҳаммаси театрга олиб кир, дейишади. Кетаётган вақтимизда ёмғир ёғиб қолса борми...

Тошкент катта мегополис ва зиё нурини тарқатувчи илм ўчоғи ҳисобланади. Мен ҳам вилоятдан катта мақсадлар билан пойтахтга таълим олиш мақсадида ўқишга келганман. Оқшомлари чиройли шаҳарни кўрсанг, кўзинг қувнагудек, дилни яшнатувчи масканлари бор, албатта. Шу билан бир қаторда шаҳримизнинг кўркига путур етказаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
 
Ёмғирдан кейин тоза ҳавода ўқишга отландим. Йўл бўйи атрофни кузатар эканман, кўнглимдан турли нарсалар ўтди. Шу орада йўловчилардан бири, ёши катта отахон менга юзланиб:
 
– Қизим, ўқийсизми? – деди.
 
– Шундай, отахон.
 
– Қайси соҳада?
 
– Халқаро журналситика факулътетида, – дедим.
 
Отахоннинг нима дейишларини кўзларидан сезиб олиш қийин эмас эди.
 
– Тошкент, Тошкент дейишади, тўғри, чиройли шаҳар, аммо мана бу йўл четидаги чиқиндиларни қаранг, танқидий мазмунда бир мақола тайёрласангиз бўлмайдими, зора камайса бундай ҳолатлар! – деди.
 
Анчадан буён ўйлаб юрган мавзуим бўлса-да, ҳеч қунт қилмаётган эканман. Ўзим лоқайдман-да...
 
Машинадан тушиб қолдиму, отахоннинг сўзлари қулоғим остидан кетмади. Бир савол ўйлантирди – чиқиндилар нега айнан йўл четида жойлашган ариқчаларда?
 
Кейин ҳаммани кузатдим: катталар, ёшлар, талабалар, ҳайдовчилар...
 
Хуллас, истеъмолчи дўкондан маҳсулот олади-да, чиқиндини ариқчага улоқтиради, ҳайдовчилар суви тугаган пластмасса идишларни, тўхташ имкони бўлмагани сабаб кетаёган жойидан ариқ томонга отади...
 
Ҳар биримиз шундай қилсак, тез орада шаҳримиз чиқиндихонага айланади-ку! Натижада ариқчаларда чиқиндилар тўпланиб, уларни суриб ташлашга сувнинг кучи етмай қолади. Ёмғир ёғса, аҳволни кўринг, улар тўпланиб, йўлнинг ўртасигача чиқиб кетади...
 
Ушбу ҳолат эрта тонгдан кайфиятимизга салбий таъсир қилиши табиий. Кун бўйи асабий ёки тушкун ишлаш кимга ёқади дейсиз. Наҳотки шу даражада ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, қўлимиздаги чиқиндини хоҳлаган ерга ташлаб кетаверсак, шаҳримиз озодалиги қизиқтирмаса?! Ахир четдан келган одамлар яшаётган жойимизга қараб маънавиятимизга баҳо бермайдими?
 
Инсон таълимни кўчадан олиши мумкин, аммо тарбияни оиладан олиши керак, менимча. Ҳар бир ўзбек хонадонида умумбашарий анъаналар ёшлигимиздан ўргатилади-ку. Одамларнинг ҳаммалари ҳам маданиятсиз, бефарқ эмас.
 
Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Кузатувларимдан келиб чиқиб айтсам, чиқинди ташловчи махсус идишларнинг ораси жуда узоқ, бор бўлса ҳам, кўпинча тўлган, чиқинди ташлаш учун жой йўқ. Фуқаролар ҳаммаси қўлида чиқинди билан юрмайди-ку. Балки бу бир баҳонадир. Инсофни ўзимизга берсин.
 
Ёмғирдан кейин тоза ҳавода сайр қилиш инсон соғлиги учун фойдали, дейишади. Тошкентдаги ёмғирдан сўнг юриб бўлмайдиган жойлар талайгина. Масалан:
 
1. Ўзбекистон Миллий академик драма театри эшигининг олди (салкам дарё бўлиб кетади).
 
2. Абу-Сахий бозорининг ерости йўли.
 
3. Мега-Планет (Аҳмад Дониш кўчаси, 2-1)
 
4. Чилонзор кўчаси
 
Пойтахтга келган танишларимнинг деярли ҳаммаси театрга олиб кир, дейишади. Кетаётган вақтимизда ёмғир ёғиб қолса борми...
 
Ташриф буюрган меҳмонларнинг аксарияти шаҳримиздан эсдалик бўлиши учун совғага бозорга боришни хоҳлайдилар. Ҳолат эса ачинарли...
 
Нега диққатга сазовор кўчаларимизнинг аҳволи бу қадар ёмон? Чиқиндилар сувда сузиб юрибди? Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари қаерга қараяпти?
 
Чиқинди ташловчи махсус жойларни-ку қидириб топиш муаммо эмас. Қайси тарафдан қўланса ис келса, ўша ерда, албатта, чиқиндихоналар жойлашган. Сабаби барчамизга маълум, чиқиндилар жойидан ҳафталаб ташиб кетилмайди. Турли микроблар орқали касалликлар орттириб олиш ҳам ҳеч гап эмас. Бундай ҳолат табиий равишда инсон организми, шаҳримиз кўрки, атроф-муҳитнинг заҳарланишига олиб келади. Ҳолатни ўзингиз яши биласиз. Панд-насиҳат ўқишдан йироқ бўлган ҳолда хулосани ўзингизга қолдирамиз.
Шоҳсанам Нишонова 

Теглар:Ўзбекистон миллий академик драма театири Абу-Сахий бозори Мега-Планет Чилонзор кўчаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар