...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент зилзиласига 50 йил тўлди: Зилзила юз берганда Сейсмология маркази ишламай қолганди


11:19, 26.04.2016 Жамият
 5 502

Зудлик билан тузилган экспедиция гуруҳи зилзила Тошкентнинг баъзи ҳудудларида 7, айрим ҳудудларида эса 8 балл бўлганини аниқлади ва Тошкент 8 балли зилзила кузатилиши мумкин бўлган зонага киритилди.

1966 йил 26 апрель. Қуёш эндигина бош кўтариб, кун ғира-шира ёришиб, кўплар ҳали уйқудан уйғонмаган маҳал... Соат чамаси 05:23 атрофида содир бўлган зилзила Тошкент аҳолисини саросимага тушириб қўйди. Кимнингдир мол-ҳолини том босиб қолди, айримларнинг жондан азиз фарзанди девор тагида қолиб кетди, яна кимдир бола-чақаси билан кўчада қолди. “Тошкент зилзиласи” ўзи билан қанчадан-қанча оилаларга талофат олиб келди.
 
Ўша даврларда Тошкентда 1,5 миллион аҳоли истиқомат қиларди. Зилзила оқибатида шундан 300 минг нафари бошпанасиз қолди. “Мени шу куни А.Ғ.Мавлонов номидаги Сейсмология институтига директор этиб тайинлашди. Зилзила туфайли қурбон бўлганлар унчалик кўп эмасди. Зудлик билан шаҳар аҳолисига биринчи ёрдам кўрсатиш, уларга тунаш учун палаткалар қуриш, зилзила талофатларини аниқлашга киришиб кетдик. Ҳозирги Амир Темур ҳиёбонидан то Чорсуга қадар пиёда юриб биноларга етган зарар орқали зилзиланинг неча баллда содир бўлганини аниқлашга киришдик. Гап шундаки, зилзила вақтида илк силкинишлар жуда катта кучга эга бўлади. Сейсмология маркази ишламай қолгани боис “Тошкент зилзиласи”нинг координатларини аниқлашнинг имкони бўлмаган”, дейди Ўзбекистон Фанлар академияси катта илмий ходими, олим Турсунбой Рашидов.
 


Зудлик билан тузилган экспедиция гуруҳи зилзила Тошкентнинг баъзи ҳудудларида 7, айрим ҳудудларида эса 8 балл бўлганини аниқлади ва Тошкент 8 балли зилзила кузатилиши мумкин бўлган зонага киритилди. Зилзила ўчоғи эса Тошкентнинг маркази, яъни Амир Темур ҳиёбонидан ўтган эди.
 
“Ўша кезлари Тошкентга собиқ иттифоқ давлатлари ёрдам қўлини чўзди.  Бинолар қурилиши, аҳолини уй жой билан таъминлаш, тажрибали бинокор усталарни топиш масалаларида ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқардик. Кўп ўтмай Тошкентда янги, замонавий, баланд ва зилзилага бардошли уйлар, ташкилотлар бинолари қад ростлай бошлади. Пойтахтга ёндош шаҳарча – Сирғали бунёд бўлди. Тошкент 3,5 йил деганда қайта қурилди”, дейди Рашидов. Унинг айтишича, бу ишларнинг давоми 1967 йилда Тошкент метросининг қурилишига уланиб кетади.
 
Мамлакатимиз ҳаётида, хусусан, Тошкент тарихи рўй берган бу мудҳиш воқеага бугун 50 йил тўлди. Бунёдкор ва меҳнаткаш халқимизнинг сай-ҳаракати билан табиий офат сабаб вайрон бўлган масканлар боғга,  гулзорга айлантирилди. Осмонўпар бинолар қурилди.
 
Истиқлол йилларида фуқаро муҳофазаси, аҳолининг хавфсизлиги масаласига катта эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида зилзилалаларни аниқлаш ва улар етказадиган талофатларни тахмин қилиш бўйича қатор тадқиқотлар олиб борилди. Сейсмология институти жаҳон стандартларига мос замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилиши бу йўналишдаги ишларнинг узвий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди.
 
Меҳнаткаш халқимиз ўз тарихида оғир ва залкорли кунларни жуда кўп кўрган. “Тошкент зилзиласи” ҳам унинг бошига тушган ана шундай синовлардан бири эди. Муҳими Тошкент аҳолиси бу синовни мардонавор енгиб ўтди. Ўз меҳнати, кучи билан вайрон бўлган шаҳарни қайта тиклади. Тошкентнинг бугунги гўзаллигию таровати, Истиқлол йилларида қурилган биноларнинг мустаҳкамлигию уларнинг шаҳримиз кўркига қўшиб турган файзи ҳақида гапиришга сўз камлик қилади. Фақат бир сўз кўнглингизга таскин бергудек: Пойтахтимизга кўз тегмасин!


 

Теглар:Тошкент зилзиласи 1966 йил 26 апрель 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар