...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент ИИББ ходимлари безориликда гумонланганларни калтаклагани ростми?


20:51, 02.10.2018 Жамият
 8 187

Ижтимоий тармоқда пойтахт ИИББ ходимлари ўз ваколатларидан четга чиқиб кетганини кўрсатувчи хабарлар тарқади.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари безориликда гумонланган камида уч нафар йигитни калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари қўлга олиш ва тергов қилиш вақтида ўз ваколатларидан четга чиқиб, гумонланувчиларга тан жароҳати етказгани иддао қилиняпти.
 
Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматига мурожаат қилинганда, мазкур ҳолат бўйича 1102 рақами орқали шикоят қилиш кераклигини айтган. “Qalampir.uz” ҳам бир неча бор ИИББ Матбуот хизмати билан боғланишга уриниб кўрди, бироқ жавоб бўлгани йўқ.
 
Калтакланганлардан бирининг онаси ИИББ ходимлари унинг ўғлини уриб, оёғини синдирганини айтган. Шунингдек, 13 август куни юз берган ҳолат бўйича барча идораларга, жумладан, президент виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилганини қайд этган.
 
Бундай шикоят билан фақатгина бир киши чиқмаган.  Ҳибсга олинган бошқа йигитларнинг яқинлари ҳам шундай шикоят қилмоқда. Улардан бири Тошкент ИИББ ходимлари укасининг бошига ғишт билан урганини маълум қилган. Шунингдек, улар жароҳатлари билан ҳибсда эканликлари ва уларнинг ёнига шифокорлар киритилмаётгани айтишган.
 
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг инсон ҳақ-ҳуқуқларини менсимасдан уни поймол қилиш ҳоллари юзасидан тушадиган шикоятлар жуда кўп учраб туради.
 
Жорий йилнинг июль ойида ҳам Каттақўрғон шаҳри ИИБ ходими ҳам бир аёлни ечинишга мажбурлагани тасвирланган видео интернетда тарқалганди. Яна бир ҳолат Жиззах вилояти Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи билан содир бўлганди. У ғалла ўрими вақтида бир кишини уриб, бурнини синдирганди.
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йил ноябрь ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида Ички ишлар органларини қаттиқ танқид қилган эди.
 
“Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса, мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган. Ички ишлар ходимларининг ўзлари қонунни бузиб турса, оддий халқ қаерга борсин?”, деган эди Мирзиёев 2017 йил 10 ноябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:ИИББ Безорилик Тошкент шаҳри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар