Ўйланиб қолдим, буларни тиланчи дейишга одатланиб қолганмиз, лекин уларнинг қилиғи кўпроқ куппа-кундуз кунги талончиликка ўхшайди.
Яқинда “Ўрикзор савдо мажмуаси”га харид учун боргандим. Аёллар кийими билан савдо қилувчи бир дўкондан ўзимга керакли либосларни кўраётганимда, ёши чамаси 23-24 ларда бўлган йигит садақа сўраб келиб қолди. Сотувчи аёлнинг “ҳали савдо қилмадим, кейинроқ келарсан”, деган гапига садақа сўровчи “боя келганимдаям ҳалироқ келарсан дегансиз”, дея жавоб берди. Сотувчи ноилож кассасидан 500 сўмлик пул олиб, гадойга узатди. Орқасидан эса “Э худо, булардан қутулиб бўлармикан ўзи? Бермасанг, эшигингдан кетмайди, берсанг, кунда қайтиб келади. Яна бунақалар битта бўлсаям майлийди. Бир кунда 4-5 таси тиланиб келади. Яна ҳаммаси билагида кучи бор, ёши 40 дан ошмаган аёл ва эркаклар”, дея норози оҳангда ғудраниб кетди.
Бу воқеа бир бўлдию, яна бир куни иш юзасидан 2-Тошкент тиббиёт академиясига боришимга тўғри келди. Аслида бу ерга иш билан тез-тез келиб тураман. Узун йўл бўйлаб турнақатор бўлиб тизилиб олган тиланчиларга ҳам кўп бора дуч келганман. Ҳар гал уларга қарасам, ичимда бир ғашлик пайдо бўлардию, имкон борича тиланишларига аҳамият бермай ўтиб кетишга ҳаракат қилардим. Ва ниҳоят бир ҳолат “портлашим”га сабаб бўлди.
Узоқ вилоятдан туғма ногирон фарзандини навбатдаги даволаш курсига олиб келган аёл билан танишиб қолдим. Фарзанд азоби ёмон деб тўғри айтишган экан. Бечора аёлнинг юзлари дард ва хавотирдан нурсизланган, кўзлари ичига кириб кетган бир аҳволда эди. Шифокор невропатолог бир қоғознинг икки томонига тўлдириб, керакли дорилар рецептини ёзиб берди ва аёл мен билан бирга дорихоналар томонга йўл олди. Йўл-йўлакай аёл билан суҳбатлашдик. Айтишича, қизи эпилепсия хасталиги билан туғилган, сўнгги пайтлар касаллик хуружи кўпайиб, бир кунда 3-4 мартагача тутқаноқ қилар экан. Аёл шу гапларни айтганидан сўнг бир хўрсиниб қўйди-да, жим бўлиб қолди. Очиғи, унга далда бера оладиган, дардини бироз унутишига ёрдам кўрсатадиган бирорта сўз тополмаётганимдан ўзимни ёмон кўриб кетдим.
“Ҳар доим булбулдай сайрайдиган тилинг энди бир оғиз гап тополмаётган бўлса, йиғиштир сўзбилгилигингни, яна журналистман деб кўкрак керишингга ўлайми?!”, дердим ичимда ўзимга ўзим. Хуллас, аёл ўз ташвиши, мен эса ношудлигимдан нолиб борарканмиз, йўлимизни қўлларини садақа учун тутган лўлибачча тўсди. Шу пайтгача унчалик ҳам эътибор бермай келаётганим бу “талончилар” кўзимга шунақанги хунук кўриниб кетдики... “Э бор-е, касали бор одамдан ҳам пул сўрайсанми, топиб турган жойингни қара, бу ерга ўз дарди ўзига оғирлик қилган одамлар келса, тиланишингга бало борми”, дедим жаҳл билан. Тиланчи бўлса: “Э-бэ, ўл қурумсоқ бўлмай, 500 сўм берсанг, камайиб қоласанми, бер ҳай энди”, деб аёлга ёпиша бошлади.
Ўйланиб қолдим, буларни тиланчи дейишга одатланиб қолганмиз, лекин уларнинг қилиғи кўпроқ куппа-кундуз кунги талончиликка ўхшайди. Кўнгилочар жойларда-ку шундоғам одамларга тинчлик бермайдиган бу “талончилар” энди шифохоналардан ҳам даромад излашларига нима дейсиз? Билмадим-ку, ишқилиб жамиятимизни бундай “бегона ўтлар”дан тозаламасак, эртага улар секин-асталик билан маънавиятимизга ҳам бостириб кирмаслигига, болаларимизни дангасалик, тиланчилик ва талончиликка ўргатмаcлигига ким кафолат беради?! Мана шу ўй-фикрлар сизни ҳам бироз мулоҳазага тортса ажаб эмас.