Самолёт бортидаги 47 киши орасида ёш болалар ҳам бўлган. Самолёт пастга қулаганидан сўнг, ёнғин юзага келган.
Маълумотларга қараганда, Читрал шаҳридан парвозга чиққан самолёт Исломобод шаҳрига қўниши керак эди. Борт ичида 42 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзолари бўлган.Йўловчиларнинг 31 нафари эркак киши, 9 нафари аёл ва яна икки болакай бўлган ва уларнинг ҳеч бири тирик қолмаган, дея гумон қилинмоқда.
Баъзи ОАВда самолётда 3 нафар хорижий фуқаролар ҳам бўлганлиги айтилмоқда, бироқ уларнинг шахси аниқланмаган. Шунингдек, самолёт бортида Покистондаги машҳур мусиқачи, телебошловчи ва дизайнер Жунайд Жамшид ҳам бўлганлиги хабар қилинмоқда.
Самолёт қулаб тушган жойда ёнғин юзага келган. Катта майдонга тезлик билан ёйилган ёнғин сабаб кўплаб кишиларнинг юзи ва танаси таниб бўлмас даражага етган.
Хабарларга қараганда, самолёт учувчиси ҳаво кемасининг авиадиспетчер радаридан йўқолиб қолишидан аввал хавф ҳақида сигнал берган. Баъзи тахминларга кўра, самолёт қулашига двигатель носозлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Айни вақтда фалокат жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа сабаби ўрганилмоқда.