Россия Федерацияси Эроннинг шимолий ҳудудларига Озарбайжоннинг газ тармоқлари лойиҳаси орқали ўз табиий газини етказиб бериш таклифини ўртага ташлади.
Ушбу маросимда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповлар ҳамда Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этди ва Абдулла Арипов Баку–Тбилиси–Карс темир йўл тармоғининг очилиш маросимида нутқ сўзлаган эди.
Энди Баку–Тбилиси–Карс темир йўл тармоғи ҳақидаги хабарлар “совимасдан” янги, “Шимол–Жануб” йўналишидаги лойиҳа ҳақида муҳокамалар бошланиб кетди. Қисқаси, лойиҳа иштирокчилар бўлган ўнлаб мамлакатлар темирйўл орқали миллионлаб йўловчилар ва минглаб тонна юкларни ташиш ҳамкорлиги юзасидан ўз манфаатларига мос таклифларини илгари сурмоқдалар. Айрим мутахассисларнинг фикрича, ташиладиган юк, яъни товар айрибошлаш жараёни “бўлмаса” — темирйўл тармоғига не ҳожат...
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мазкур масала юзасидан “самарали усул” таклиф этди. Бу ҳақда у Теҳронда ўтган уч томонлама: Озарбайжон, Эрон ва Россия учрашувда ҳам айрим мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Илҳом Алиев “Шимол–Жануб” лойиҳаси ҳамда Хитойнинг “Бир минтақа — битта йўл” деб номланган лойиҳалари бўйича қуйидаги фикрларни билдирди: “Озарбайжон ҳудудида “Шимол–Жануб” лойиҳасининг барча ишлари якунланади, аниқроғи бунинг учун барча имкониятлар сафарбар этилган. Бундан ташқари, мамлакатимиз лойиҳага алоқадор бошқа мамлакатларга ўзининг техник-ташкилий ҳамда моддий кўмагини таклиф эта олиш имконияти ҳам мавжуд. Айни пайтда биз ҳам “Шимол–Жануб”, ҳам “Баку–Тбилиси–Карс” лойиҳасида иштирок этиш таклифини билдирамиз ва бунга барча шарт-шароитлар етарли, деб ҳисоблаймиз. Аминманки, келажакда “Шимол–Ғарб” ҳамда “Шимол–Жануб” лойиҳаларидаги темирйўл тармоқлари фойдаланишга топширилади. Мазкур икки йирик лойиҳа кўплаб мамлакатларни ҳар томонлама боғлайди”.
Бир сўз билан айтганда, Озарбайжон Эрон ва Россия билан чегарадош ягона давлат сифатида ҳам расмий Теҳрон, ҳам расмий Москва билан мустаҳкам алоқали ҳамкорликларни йўлга қўйишдан манфаатдор.
Аниқроғи, лойиҳа иштирокчилар битта лойиҳадан бир нечта манфаатларни кўзламоқда. Бу ўринда ёқилғи-энергетика соҳасига тааллуқли режалар ҳам мавжуд. Масалан, Россия Федерацияси Эроннинг шимолий ҳудудларига Озарбайжоннинг газ тармоқлари лойиҳаси орқали ўз табиий газини етказиб бериш таклифини ўртага ташлади. Айнан шу нарса Эрон ҳудудига ўзининг энергетика соҳасидаги таклифларини билдираётган бошқа мамлакатларда муҳокама қилинмоқда.
Хуллас, олиб борилаётган қўшма лойиҳалардан иқтисодий манфаатдор бўлган ва бундай лойиҳалар амалга оширилмаслигидан ҳам “манфаатдор” бўлган томонлар ўртасида “ғаройиб пойга” авж олмоқда, дейилади соҳа мутахассислари томонидан эълон қилинган маълумотларда. Уч томонлама учрашувда Озарбайжон раҳбарининг таклифи ана шундай “пойгалар тўсиғига” ечим бўлиши мумкинлиги айтилган.