Ташқи ишлар вазирининг ўзи ҳам футбол мухлиси бўлиб, саволга жавоб берди.
Айни дамда давом этаётган тўғридан-тўри жонли мулоқотда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ўзбек футболи ҳақидаги саволлар ҳам берилди. Қайд этилишича, вазирнинг ўзи ҳам футбол мухлиси бўлиб, ишқибозларга қуйидагича жавоб берди:
“Ўзбек футболи тарихи бевосита ўтган асрдаги “Пахтакор” клубининг шонли тарихи билан боғлиқ. Хоҳлаймизми-йўқми, бу жамоа ўзбек футболини жаҳонга машҳур қила олган. Ҳозир ҳам бундай имконият бор. Барча футбол мухлислари кейинги йили Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлашни истайди. Жумладан, мен ҳам. Шунинг учун ҳозир энг керакли пайтда футболчиларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга соғлик тилаб, қолган барча ўйинларда ғалаба қозониши учун дуода бўлайлик”.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси 8 та ўйиндан кейин 12 очко билан 3-ўринда бормоқда. ЖЧга тўғридан-тўғри йўл олиш учун қолган иккита ўйинда фақат ғалаба қозониш керак бўлади.