...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тақдирини ўз мухлислари билан боғлаган машҳурлар


01:56, 02.03.2016 Шоу-бизнес
 15 939

Маълумотларга қараганда, кўплаб машҳур шахслар ўз мухлислари билан турмуш қуришни афзал билишади. Ҳатто голливуд "юлдуз"лари орасида ҳам ўз мухлисига уйланган ёки турмушга чиққанлар талайгина.

Ҳар бир инсон ўзи ҳурмат қилган ижодкори ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиб боришни истайди. Уларнинг суратлари, дастхатларини йиғади. Агар унинг оиласи бўлмаса, ўзи севган актёр, актриса ёки хонандага турмушга чиқиш, уйланиш орзуси билан яшайдиган ашаддий мухлислар ҳам йўқ эмас. Бир қарашда уларнинг орзуларини “шунчаки бир орзу-да” дейиш мумкин, аммо буни қарангки, улар орасида ўзининг севимли ижодкорига турмушга чиққан ёки уйланганлар ҳам бор экан. Хусусан, голливуд юлдузлари орасида ҳам ўз мухлислари билан оила қурганлар кам эмас.

“Ким билсин, балки севган инсонинг, турмуш ўртоғинг сенинг ишқибозинг бўлса, балки ҳаёт ширинроқ, кунлар мазмунлироқ, ўзинг эса бахтлироқ бўласан. Ахир у сенинг, ёлғиз сенинг мухлисинг. Сендаги ҳамма нарса унга ёқади ва у сени қандай бўлсанг шундайлигингча сева олади”, – дегувчи юлдузларнинг жуфтликлари билан танишамиз:

Элвис ва Присцилла Пресли


1963 йилнинг март ойида, Элвис Преслининг ашаддий мухлисаларидан бири бўлмиш Присцилла 14 ёшда эди. Улар айнан мана шу йили танишишган. Кейинроқ у Элвиснинг “Грейсленд” номли уйига байрам кечасига боради. Присцилланинг ота-онаси уларнинг кўча-куйда қўл ушлашиб юришларига қаршилик билдиришарди. Бир-бирини севган икки жуфтлик 1967 йили Присцилла 17 ёшга тўлганидан сўнг, оила қуришади. 1968 йили эса улар қиз фарзандли бўлишади. 1973 йилга келиб уларнинг оиласига дарз кетади ва Элвис Присцилла билан қонунан ажрашади. Ҳозирда Присцилла 70 ёшда, Элвис эса 1977 йили вафот этган.

Жон Траволта ва Келли Престон


Келли Престон Жон Траволтанинг ижодини мунтазам равишда кузатиб борган. Унинг актёрга бўлган муҳаббати уни “Бриолин” фильмида кўрганидаёқ бошланганини бир неча бор интервьюларда айтиб берган.

Келли 16 ёшлигидан бир кун келиб Жон билан учрашиши ва у билан бирга бўлишига ишонган. 1989 йил улар “Мутахассислар” фильмини суратга олиш майдончасида учрашишади ва бир-бирларини севиб қолишади. Шундан бери улар бирга ҳаёт кечиришмоқда. Жон ва Келлининг 3 та фарзанди бор. Афсуски, тўнғич фарзандлари бўлмиш Жетт 2009 йил вафот этган.

Николас Кейж ва Элис Ким


Элис Лос-Анжелесдаги ресторанларнинг бирида оддий официант бўлиб ишларди. Кунларнинг бирида Николас ўша ресторанга овқатланиш учун киради ва уни бир кўришдаёқ севиб қолади. Аммо Николас Элис унинг ашаддий мухлисаси экани, у ўйнаган барча фильмларни бармоқларини санагандек аниқ билишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Жуфтлик 2004 йил Шимолий Калифорниядаги ранчода турмуш қуришди. 2005 йил эса улар ўғилли бўлишди. Николас ўғлига Кал-Эл деб исм қўйди.

Владимир Левкин ва Марина Ичетовкина


Россиянинг “На-на” гуруҳининг собиқ аъзоси Владимир Левкин Москвага машхурликка эришиш истагида келган қизга уйланади. Улар хонанда ва мухлислар ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувда танишишган. Айтиш керакки, Марина 16 йил давомида Владимирни яхши кўрган, бироқ у билан учрашгунга қадар шоу-бизнес оламида ўз ўрнини топиб улгурганди. Аслида Марина бошқа йигитга турмушга чиқиши керак эди, бироқ у ўз орзусидан воз кеча олмади. Ҳозирда Марина ва Владимирнинг 3 ёшли қизалоғи бор.

Кэти Холмс ва Том Круз


Кэти Холмс Том Круздан 17 ёш кичик. Кэти кичкиналигидаёқ Том роль ижро этган фильмларни кўрган ва унга ғойибона ошиқ бўлган. Ўша даврда у бир кун келиб Томга турмушга чиқиши ҳақида ҳатто, орзу ҳам қила олмасди. Шунга қарамай, тақдир уларни учраштирди ва 2006 йил турмуш қуришди. Ҳозирда уларнинг Сури исмли қизлари бор. Оила 6 йиллик ҳаётдан сўнг ажралган.

Мэтт Дэймон ва Лючиана Баррозо


Актёр Мэтт Дэймон бўлажак рафиқаси Лючиана Баррозони Майамидаги ресторанларнинг бирида кўриб қолади. Бароззо шу ресторанда официант бўлиб ишларди. 2003 йилдан бошлаб улар аста-секин учраша бошладилар ва 2005 йил турмуш қуришди. Ҳозирда Мэтт ва Лючиананинг 3 та қизи бор.

Патрик Демпси ва Жиллиан Финк


Кунларнинг бирида Патрик соч олдириш учун сартарошхонага навбатга ёзилади. Унинг бахтига ўша куни гўзаллик салонида Патрикнинг ашаддий мухлисаларидан бири сартарош Жиллиан ишлаётган эди. Айтиш керакки, Жиллиан Патрикни ўзига жалб қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилади ва унинг юрагини забт этади. Натижада улар 1999 йил турмуш қуришади. Ҳозирда уларнинг бир қизи ва икки эгизак ўғиллари вояга етмоқда.
 
Энн Хэтэуэй ва Адам Шульман


Энндек гўзал ва латофатли, истеъдодли актрисанинг камсуқум, ҳали унча машҳур бўлишга улгурмаган Адамдек актёрни севиб қолиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Улар 2008 йил суратга олиш майдончасида танишишган. 2011 йил унаштирилаётганликлари ҳақида расман хабар беришди. 2012 йилда эса жуфтлик турмуш қурди. Ҳозир Энн ҳомиладор. Улар яқинда ота-она бўлишади.

Жулия Робертс ва Дэнни Модер


Жулия Робертснинг қўлини сўраб, унга уйланиш орзусидаги минглаб машҳурлар таклиф билдирган маҳал актриса оддий оператор бўлиб ишлайдиган йигитнинг муҳаббатини афзал деб билди. Улар 2000 йил “Мексикалик” фильмини суратга олиш ишларида танишишган. Дэнни Жулиянинг ашаддий мухлисларидан бири сифатида ўзининг бор муҳаббатини актрисага ҳадя эта олди. 2004 йил улар қизли бўлишди, 2007 йилда эса ўғиллари дунёга келди.

Адам Сэндлер ва Жеки Титон


Ҳали машҳурлик чўққисига чиқиб улгурмаган актриса Жеки Титон комедик ролларни маромига етказиб ижро этувчи Адам Сэндлерга ошиқ бўлиб қолади ва унинг муҳаббати учун кўп нарсага тайёр эканини исботлайди. Улар 2000 йил танишишгач, 3 йил ўтиб оила қуришади. Ҳозирда уларнинг 2 нафар қизлари бор.

Жессика Альба ва Кэш Уоррен


Улар “Фантастик тўртлик” фильмини суратга олиш майдончасида танишишади. 2004 йил Кэш продюсер ёрдамчиси бўлиб ишларди. Жессикадек актрисани анчадан бери севган Кэш кун келиб унинг турмуш ўртоғи бўлишини ҳатто, ҳаёлига ҳам келтирмаганини тан олган. Актрисанинг фикрига кўра, улар бир-бирини кўрган ондаёқ муҳаббат бошланган. Жессика Альба ва Кэш Уоррен 2008 йил турмуш қуришди. Ҳозирда жуфтликнинг 2 нафар фарзанди бор.

Ферги ва Жош Дюамель


2004 йилнинг октябрида модель Жош Дюамель оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Ферги тахаллуси билан саҳнага чиқувчи хонанда Стейси Фергюсонни тушларида тез-тез кўришини, унинг нафақат ижодини, балки ўзини ҳам севишини тан олади. Бироқ ўшанда у Кристи Пирс билан учрашарди. Шу интервьюдан сўнг Жош ва Ферги танишишади. Жошнинг тушлари борасидаги бир қанча саволлардан сўнг 2009 йил Ферги унга турмушга чиқишга рози бўлади.

Риз Уизерспун ва Жим Тот


Риз Уизерспуннинг турмуш ўртоғи машҳурлардан эмас. У кастинг-менежер бўлиб ишлайди. Лос-Анжелесдаги САА агентлигининг рўйхатида Риз ҳам бор. Улар айнан ўша ерда танишишади. Кастинг-менежер лавозимида ишлаб юрган кезларида Жим Ризни ғойибона севган. Ҳозирда улар бирга, 2012 йил ўғил фарзандли бўлишган.

Конан О'Брайен ва Лиза Пауэлл


Телевидение орқали намойиш этиладиган кечки шоулардан бирининг “юлдуз”и бўлган Конан О'Брайен бўлажак рафиқасини бир кўришдаёқ ёқтириб қолган. Айтиш керакки, Лиза унинг шоуларида мунтазам иштирок этган, бироқ Конан залда унинг борлигини ҳам сезмаган. Ва ниҳоят улар танишишгач, 2002 йил турмуш қуришади. Ҳозирда улар бир ўғил ва бир қизни тарбияламоқдалар.
Умида Якубова

Теглар:Турмуш Оила Фарзанд Голливуд Машҳурлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!