Шармандага шаҳар кенг, деган нақл бор халқимизда. Қилғиликни қилиб, сўнг уялмай бошини баланд кўтариб юрган, ўзини айбсиз санаб, ўз хатолари ва камчиликларида жамиятни унга мослашолмаганликда айблаётганлар камми орамизда?
Шу ҳафта бошидан Тамила яна тилга тушди. Ижтимоий тармоқларда ва Telegram мессенжерида хонанда “Мен бўлмасам” номли янги қўшиғини “Tamila.uz” сайти орқали тақдим этаётгани ҳақидаги реклама баннерлари тарқалди. Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тамила фаолият юритган “Maestro” компаниясининг маъмурига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган маъмур Тамила яна продюсерлик марказига қайтганини ва тўйга ҳам чиқаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Тамиланинг Тошкентдаги битта тўйга бориши баҳоси 1.500.000 сўмни ташкил этяпти.
Маъмурнинг айтганларини тасдиқлаш мақсадида, охирги ойларда Тамиланинг продюсери сифатида тилга тушган Нажот Агзамовга қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган Агзамов Тамила ҳақидаги саволларга жавооб берилмаслигини айтиб, суҳбатга нуқта қўйди.
Шармандага шаҳар кенг, деган нақл бор халқимизда. Қилғиликни қилиб, сўнг уялмай бошини баланд кўтариб юрган, ўзини айбсиз санаб, ўз хатолари ва камчиликларида жамиятни унга мослашолмаганликда айблаётганлар камми орамизда? Бир қарашда Тамила қилган ишлари учун ўз жазосини олди дерсиз. Йўқ! Хулоса қилишга шошилманг. Унинг лицензияси бўлди нима, бўлмади нима? Айтаётган қўшиғини интернет орқали тарқатса, кафе ва ресторанлардаги онлайн ТВларда кўриниб турса, уни тўйга чақиришса... Ҳозирги замоннинг “санъаткор”и учун шунинг ўзи кифоя эмасми? Республика ТВлари ва радиоларида чеклов ўрнатилгани билан интернетда назорат кучайтирилмас экан, бари бефойдадек. Ахир Тамиланинг видеолари ҳам ТВ орқали намойиш этилмади. Айнан интернет орқали тарқалганини унутдик чоғи...
“Tamila.uz” сайтида хонанданинг ўзига тегишли бўлса керак деган тахминга ҳам келдик. Суриштирувларимиз натижасига кўра, мазкур сайт 2011 йилнинг 3 октябрида “Maestro” МЧЖ номига расмийлаштирилган. Бу эса Тамиланинг продюсерлик маркази билан фаолият юритаётгани ҳақидаги тахминларимизга яна бир бор асос бўла олди.
“Qalampir.uz” мухбирлари бир неча бор Тамилага қўнғироқ қилди. Бироқ хонанда гўшакни кўтармади. Тахминимизча, у яна продюсери билан ҳамкорликни бошлаган. Бироқ буни ОАВга маълум қилишнинг мавриди эмас. Нажот Агзамов эски ҳамкори билан яна ишлаш нияти бор экан, шунча томошанинг кимга кераги бор эди?
Вазият шу тақлид давом этаверса, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тақдим этадиган лицензиянинг обрўси қоладими? Бордию “Ўзбекнаво”нинг рухсатисиз ҳам интернетда, кафе ва ресторанлардаги онлайн ТВларда клип ва қўшиқларни намойиш этиш мумкин бўлса, ташкилотдан фалон миллионга махсус рухсатнома олишдан не наф? Нега ташкилот масалага панжа ортидан қараяпти? Наҳот, премьера ҳақидаги хабарлар уларнинг қулоғига етиб бормаган бўлса? “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси мутасаддилари тез орада бу вазиятга аниқлик кириташади, деб умид қиламиз.