Ҳужжатда болалар тагликлари, контейнерда эса 2,6 млрд сўмлик телевизорлар!
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона постида Бирлашган Араб Амирликларидан Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи ташкилотларидан бири номига келтирилган темир йўл контейнерида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра қиймати 21 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган, оғирлиги салкам 7,6 тоннани ташкил қилувчи болалар тагликлари олиб келингани маълум қилинган.
Ҳужжатларни синчиклаб кўздан кечириш давомида уларнинг айримларида ушбу товарларнинг номи акс эттирилмаганлиги, тегишли сана ва рақамлари кўрсатилмаганлиги аниқланди. Боз устига ҳужжатларга синадиган товарларга нисбатан қўлланиладиган муҳрлар босилгани божхоначиларда шубҳа уйғотди.
Шундан сўнг ушбу контейнер мазкур МЧЖ вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари ҳамда холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.
Аввалига юкларни кўздан кечириш давомида мазкур корхона вакили Ғулом Турдиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда, контейнернинг очилишига тўсқинлик қилишга уринди. Аммо унинг бу уринишлари зое кетди.
Кўздан кечириш давомида эса Ғулом Турдиевнинг нима сабабдан контейнерни очишга қаршилик қилгани ойдинлашди. Қаранг-ки, контейнерда болалар тагликлари умуман йўқ экан. Уларнинг ўрнига эса Жанубия Корея ва Мисрда ишлаб чиқарилган 5 хил ўлчамдаги 661 дона замонавий телевизорлар ортилганлиги аниқланган.
Баҳолаш бўйича экспертларнинг тегишли хулосасига кўра, мазкур телевизорларнинг умумий баҳоси салкам 2 млрд. 600 млн. сўмни ташкил қилган.
Агар контейнердаги юклар ҳақиқатдан ҳам болалар тагликлари бўлганида эди, у ҳолда мазкур маҳсулотларга божхона тўловлари 100 млн. сўмни ташкил қилар эди. Сохта ҳужжатлар асосида олиб киришга уринилган телевизорларга эса 2,1 млрд. сўм божхона тўловлари тўланиши лозим бўлган.
Бундан кўриниб турибдики, қонунбузар телевизор маҳсулотларини ҳужжатларда болалар тагликлари сифатида кўрсатиш йўли билан 2 млрд. сўмга яқин маблағни давлат бюджетига тўлашдан қочишга уринганлиги фош бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 моддаси 2 қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.
Унга кўра, жуда кўп миқдордаги товарларни бошқа ном билан декларациялаб, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.