...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сувараклар: “чақирилмаган меҳмонлар” билан самарали “жанг” усуллари


13:50, 03.10.2017 Бу қизиқ
 5 951

Олимлар “ўзга сайёралик ифлосхўрлар” деб атаган бу ебтўймаслар бесарамжонроқ хонадон бекаларининг “озодалигини” хуш кўрадилар...

Ўз уйим — ўлан тўшагим, деган гап бор. Бу киши ўзини ҳеч қаерда ўз уйидагидек эркин, бемолол тута олмаслигига ишора бўлса ажабмас. Бироқ ҳеч бир хонадон “чақирилмаган митти меҳмонлар”нинг “ташрифи”дан ҳимояланган эмас.
 
Ўзбекистоннинг намли иқлимга эга ҳудудлари, одатда дарё сатҳига яқин бўлган текисликдаги қишлоқ ва шаҳарларда бурга, чивин (уни айрим шеваларда “пашша” деб атайдилар) каби зараркунандалар “ўлан тўшак” тушунчасини чиппакка чиқариши кўпчиликка маълум.
 
Нисбатан қурғоқчил ҳудудлар аҳолиси эса кўпроқ пашша, кана ва бошқа зараркунанда ҳашаротлардан азият чекади.
 
Кўпқаватли уйларда яшовчи аҳоли эса суварак деб аталмиш “азалий душманлар” билан курашишни йил давомида бирдек олиб боришидан барча хабардор. Бугунги мавзу, фаҳмлаганингиздек, “хонаки ҳашаротларга” қарши кураш ҳақида...
 
Сувараклар — ниначилар каби энг қадимги ҳашаротлардан бири ҳисобланади. Йил давомида бир неча буғинга (авлодга) кўпайиш қобилиятига эга.
 
Айрим турлари, аниқроғи айрим турдаги суваракларнинг йирик “нусхалари” 5 йилгача яшаши мумкин.
 
Кўпқаватли уйларда кўпинча уларнинг икки тури: қора ва сарғиш турларини учратиш мумкин. Улар ёруғликни хуш кўрмайди, совуққа тоблари йўқроқ...
 
Улар оқсилга бой, таркиби углеводлар билан тўйинган тайёр егуликларни, яъни ширинликларни хуш кўрадилар. Улардан ҳатто чарм­тери, қоғоз, мато­газламалар қолмайди. Темир, пластик ва шиша каби материалларнинг эса сувараклар учун қизиғи йўқ.
 
Улар совунни ҳам, ҳатто айрим кимёвий моддалар қўшилиб тайёрланган атир­упа, крем, тиш пастаси каби пардоз ашёларини ҳам “татиб” кўришлари мумкин. Уларни қалампир ва уксус ҳиди “ҳуркитади”.
 
Сувараклар — замонавий техника қурилмалари билан ҳам “ҳамнафас”!
 
Фақат унинг ичи иссиқ, майда тешиклари, тирқишлари бор бўлиб, тик ёруғлик тушмаса бўлди. Бу телевизор ҳам, газ плитаси ҳам, компьютер, радиоприёмник, кир ювиш ускунаси ва бошқа хўжалик ва офис техникаси бўлиши мумкин.
 
Музлатгичга “туйнук” очсалар борми, совуқни ёқтирмасликлари ҳам ёддан чиқиб, уюшган ҳолда сизнинг егулигингизга “ҳужум” уюштириши мумкин.
 
Мабодо музлаткич ишламай қолса­ю ичида озиқ­овқат маҳсулотлари қолдирилган бўлса (бека бесарамжонроқ бўлса), бу жой сувараклар учун ҳақиқий “акво­парк” бўлиши турган гап!
 
Сувараклар жуда кўп касалликларнинг микроби, турли зараркунанда ҳашаротларнинг тухумини ташувчи “воситачи” ҳам ҳисобланади. Улар аллергик касалликлар пайдо бўлишига ҳам сабабчи бўлиши мумкин.
 
Шу пайтгача суваракларга қарши курашиш воситалари деярли ҳар йили янгиланиб турилади. Зараркунандаларга қарши кимёвий восита ишлаб чиқарувчи мутахассислар ҳазиллашиб суваракларни “ўзга сайёралик ифлосхўрлар” дея аташади.
 
Бу ҳазилнинг замирида бироз бўлсада ҳақиқат бор. Гап шундаки, сувараклар ҳар қандай кимёвий, электр қуввати таъсири остида ишловчи ёйинки радиацион нурлар ёрдамида таъсир этувчи воситаларга тезда мослашар, аниқроғи ёш ва оч сувараклар қирилиб, йирик сувараклар эса ўзига хос “иммунитет” ҳосил қилар экан.
 
Бу ўзингизга ҳам маълум, илгари суваракларни ёппасига қирган бўрли кимёвий моддалар (деворга чизиладиган) ҳозирда суваракларни ҳатто безовта қилмайди ҳам. Худди шундай ўткир заҳарлар ва кучли радиация таъсири ҳам айрим ҳолларда ожиз қолаётганини кўриш мумкин.
 
Гўё биз уларни қандай воситалар билан қиришга бел боғлаганимизни олдиндан сезгандай сувараклар ҳар қандай ўткир заҳарга ҳам “тайёр” туришади. Бунга ҳайратланмасдан иложингиз йўқ..!
 
Шунинг учун биринчи рақамли маслаҳат — ҳеч қачон зараркунандаларга қарши курашни тўхтатманг!
 
Даврий профилактик амаллар, яъни ҳар ойда, ҳар квартал ёки ҳар йилда бир марта зараркунандалар кўпайишини олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш лозим.
 
Муҳими — улар учун озиқланиш ва кўпайиш шароитини яратиб бермаслик!
 
Иккинчи рақамли маслаҳат эса оддий — уларни сувсиз қолдиринг!
 
Хонадондаги жумраклардан сув томиб турмаслигига эътибор беринг. Бироқ ошхонада егулик қолдиқларини қолдирсангиз қилган барча амалларингиз бефойда бўлиб қолаверишини унутманг.
 
Энг асосийси, ахлат челак ёпиқ идишли ва атрофи ораста бўлмоғи лозимлигини унутманг! Қисқаси, уларга “емак” қолдирманг... Бу — учинчи маслаҳат!
 
Шу пайтгача сувараклар учун ишлатилган кимёвий моддалардан энг самарали восита сифатида бура ва бор кислотаси амалда қўлланиб келмоқда. Нимагадир сувараклар айнан шу кимёвий воситаларга бардош беришолмайди, у одатда зараркунандаларни “қуритиб”, тарашадек қилиб қўяди.
 
Одатда уни раковина ва ванна ҳовузининг остига, шкафларнинг атрофи, плюнтуснинг тирқишлари атрофига сепишади. Агар мазкур кимёвий воситалар қўлланилган жойда сув бўлмаса, сувараклар тезда қирилиб битади.
 
Бура ва бор кислотасидан суваракларга қарши восита тайёрлаш:
 
  • Бурани тенг нисбатда шакар ва ун қоришмасига аралаштириш ва сувараклар чиқадиган тешиклар атрофига сепиш лозим;
 
  • 1 грамм бор кислотаси кам миқдордаги сувда эритиб, унга нон ушоқлари қўшилади ва хонадондаги тирқишлар, газ плитаси ҳамда раковина атрофларига сепиб чиқилади;
 
  • Қирғичдан ўтказилган картошка билан бор кислотаси тенг нисбатда аралаштирилади;
 
  • Яна бир оддий ва жуда самарали воситани тайёрлаш мумкин. Бунинг учун алебастер ва унни тенг нисбатда аралаштириш лозим. Ун — суварак учун емак, алебастер эса унинг организмига тушиб қотади ва ҳашаротнинг ички органлари фаолиятини издан чиқаради. Натижада зараркунанда нобут бўлади;
 
  • Яна бир оддий “қопқон”ни тайёрлаш учун ёпишқоқ, клейсимон моддани қалинроқ қоғозга суртиш лозим. Сўнг у конуссимон шаклда буралиб, ичига бир парча егулик ташлаб қўйилади. Кечки пайт ошхонага қўйилган қопқон ёпишқоқ массага ёпишиб қолган сувараклар билан ташлаб юборилади.
 
Эмаклайдиган болаларни кимёвий воситалардан эҳтиёт қилинг!
 
Зараркунанда ҳашаротлар, бундан ташқари кемирувчиларга қопқон қўйганда ёки кимёвий воситалар сепиб чиқилганда ёш болаларни, айниқса эмаклайдиган ёшдаги болаларга кўз­қулоқ бўлиш лозим.
 
Улар учун бундай воситалар, нотаниш ҳид, таъм ва буюмлар жуда қизиқ туюлиши табиий ва бу қатор кўнгилсизликларга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
 
Шунинг учун юқорида келтирилган ва бошқа тайёр кимёвий воситалар қўлланишидан олдин болалар, масалан, қариндошларникига юборилгани маъқулроқ.
 
Зараркунандаларга қарши воситалар қўлланиб, унинг самараси кўрингач, хонадон яхшилаб тозаланиши, ҳавоси алмаштирилиши, тўшак жилдлари алмаштирилиши лозим. Шундан кейингина ёш болаларнинг ташрифига рухсат берилиши керак.
 
Суваракларни айрим табиий воситалар билан “ҳуркитиш” ҳам мумкин. Масалан лавр япроғи, бодринг палагидан узилган барглар сувараклар пайдо бўлмаслигига хизмат қилади.
 
Шунингдек, хушбўй ҳидли гуллар ҳам суваракларга ёқмайди. Сиз бир даста гулни вазага солиб ошхонага қўйишингизнинг ўзиёқ уларнинг “ташрифи”ни камайтиради.
 
Суваракларга қарши курашда оддий қўлбола қопқонларни ҳам тайёрлаш мумкин. Бунинг учун оддий 1 литр ҳажмли шиша банка олинади ва хона бурчагига тиркаб қўйилади. Бир парча латта ширин чойга ивитилиб, унга бир бўлак нон ўралади ва шиша идиш тубига қўйилади.
 
Мазкур “қопқон”нинг ҳийласи шундаки, банканинг кўйи қисми яримигача ўсимлик ёғи суртилиб қўйилади. Емак излаб келган суварак банкага осон тушади ва ундан қайтиб чиқа олмайди...
 
Суваракларга қарши курашиш энг биринчи қоидаси — хонадонни тоза­озода тутмоқ!
 
Сувараклар яшаши, исини ва кўпайиши мумкин бўлган барча тирқишларни, ёриқларни суваб ташлаш, ишлатилмайдиган буюм ва кийим­кечакларни бошқа жойга олиб чиқиш ва ҳоқазо... 
Улуғ БЕК

Теглар:Суваракларга қарши кураш Маслаҳатлар Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!