...
МЕНЮ
ONLINE TV

Су-24 – Қозоғистон учун янги хавфми ёки имконият?


11:38, 09.12.2015 Олам
 5 435

Россия ва Туркия муносабатлари Қозоғистоннинг жаҳон майдонидаги мавқеига бевосита таъсир кўрсатмай қолмайди. Давлат раҳбари ўз халқини қайси йўлдан бошлайди?

Қозоғистон яқинда Россия ва Туркия ўртасидаги можарога аралашишга ўриниб кўрди. Бироқ Нурсултон Назарбоевнинг икки давлатни яраштиришга бўлган интилиши, яқин келажакда, уни икки томондан бирига ён босишига мажбур қилиши мумкин.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев бундан олдин Украина можароси ва Эроннинг ядровий дастури бўйича тинчлик ўрнатиш жараёнида ҳам жонбозлик кўрсатган эди.


Энди эса Назарбоев Россия ва Туркия ўртасдига тушунмовчиликларни ҳал қилиш ишига қўл урмоқчи. 29 ноябрь куни Ражаб Тойиб Эрдўған ва Нурсултон Назарбоевлар ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди. Президент девони ахборот хизматининг маълумотларига кўра, икки давлат арбоби Суриядаги воқеалар ва Су-24 самолётининг ҳалокати ҳақида фикр алмашиб олишган. Суҳбат чоғида, Назарбоевнинг даъватига кўра, Эрдўғон яқин келажакда Путин билан учрашишга розилик берган.


Нурсултон Назарбоев ўз халқига қилган мурожаатида Россия-Туркия муносабатларига ҳам алоҳида тўхталди: “Россиянинг ҳарбий самолёти Туркияга ҳужум қилгани йўқ. Унинг ҳудудига ҳам киргани йўқ. Россия бор-йўғи террорчиларга қарши курашмоқда. Мен бир неча йиллар давомида, Бош вазир Демирел ва Президент Ельцин давридан бошлаб, Туркия ва Россия ўртасида дўстона муносабатларни қарор топтириш учун ҳаракат қилиб келганман. Шунча йиллар давомида бунёд қилинган алоқаларнинг тақдири бугун қил устида турибди. Мен сиёсатчи дўстларим Сулаймон Демирел ва Борис  Ельцин билан бу дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун қанча ҳаракат қилдик. Бизнинг меҳнатимизга бўлган ҳурмат шу бўлдими?”, – дея афсус билан гапирган эди Қозоғистон раҳбари.

Аслида Назарбоевнинг бундай хавотири фақатгина ўзининг шахсий сабаблари билан боғлиқ, деб айтиш қийин. Россия ва Туркия ўртасидаги можаро Қозоғистонни ниҳоятда ноқулай аҳволга солиб қўйди. Остонанинг можаро бўйича расмий позицияси мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида янграб ўтди. ТИВ ушбу фожеали воқеа юзасидан афсусда эканлигини айтиб, Россия ва Туркияни содир бўлган ҳодиса юзасидан тийилиб туришга ва вазиятни иложи борича чигаллашиб кетишини олдини олишга чақирди.

Бироқ мамлакатда барча расмий доира вакилларининг фикри бир жойдан чиқаётгани йўқ. Қозоғистон парламенти Сенати спикерининг сўзларига кўра, Туркия ҳарбий ҳаво кучларининг рус ҳарбий самолётини асоссиз уриб тушуриши, икки томонлама алоқаларнинг савиясига путур етказиши мумкин.

Сенат спикерининг ушбу фикри Назарбоев ва ТИВдан олдин янграганлигини ҳисобга олсак, Қозоғистон ушбу масала юзасидан икки томонга ажралиб қолди. Россияпараст кучлар давлатнинг Москва фойдасига йўл тутишини истаса, бошқалар буни белгиланган расмий позициядан оғиш, дея баҳолашмоқда. Украина мавзуси доирасида иккига “ажралиб” кетган Қозоғистон, яна бир бор “бўлиниб” кетиш хавфи остида қолмоқда. Бўлиниш чизиғи бу сафар мамлакатда яшовчи миллатлар орасида юз бериши мумкин: миллий ватанпарвар кучларнинг кўпчилиги Туркия Президенти Эрдўғонга ўз иштиёқини билдириб, интернет саҳифаларини Туркия байроқлари билан безаб чиқишмоқда. Россияни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам анчагина. Аммо жамиятнинг бетараф қисмига уларнинг таъсири унчалик сезиларли эмас.

Қозоғистоннинг ички ва ташқи сиёсати учун Россия ва Туркия ўртасидаги можаро мураккаб дипломатик синовдир. Бир томондан, Қозоғистон Россия билан бир қанча ташкилотлар доирасида яқин алоқалар олиб боради – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евросиё иқтисодий иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти. Бошқа томондан, Қозоғистон ва Туркия иқтисодий соҳада яқин ҳамкорлар ҳисобланишади. Шунингдек, ўзаро маданий алоқалар ҳам кучли. Қозоғистонда бир қанча турк лицейлари фаолият кўрсатади. Шунингдек, Қозоғистон ва Туркияни боғлаб турадиган энг кучли хусусият тил ва дин яқинлиги саналади. Осиёда барча туркий халқларни бирлаштириш ҳақидаги ғояларнинг асосий ташаббускори ҳам одатда Туркия ҳисобланади. Назарбоев эса уч йил олдин Туркияга амалга оширган ташрифи чоғида бу ҳақда сўз очган эди.

Назарбоевнинг Евросиё иттифоқи ғоясининг ҳаётга тадбиқ этилиши жараёни кўнгилдагидек кечмоқда, деб айтиш қийин. Мазкур ғоянинг машҳурлик даражаси тушиб бориши оқибатида, қозоқ халқи орасида пантуркизм ғоялари кучайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Қозоғистон мураккаб танлов орасида қолиб кетмоқда. Назарбоевга яхшилаб ўйлаб олиш учун вақт етарли, бироқ кун ўтган сайин икки минтақавий давлатдан бирини танлаш зарурати ортгандан ортиб бораверади. Қозоғистоннинг яна бир йўли бор – бетарафлик мақомини эълон қилиш.

Қозоғистон учун масаланинг нозик томони шундаки, унинг ташқи сиёсати амалдаги президентга чамбарчас боғлиқ. Қозоғистоннинг қайси томонга оғиши Назарбоевнинг танловидан келиб чиқади. Президент 20 йил давомида кўп йўналишли сиёсатни йўлга қўйишга ҳаракат қилди. Бундай мураккаб вазиятда Қозоғистон шаклланган тамойилларини сақлаб қола оладими? Ёки янги позицияни танлашга мажбур бўладими? Ва охир-оқибатда, Қозоғистоннинг овози халқаро майдонда эшитиладими йўқми?


Ҳозирги вазиятдан келиб чиқсак, Қозоғистон ушбу можарода тинчликпарварлик ролини амалга оширса бўлади. Мазкур дипломатияда Остона иложи борича узоқ вақт бетарафлик мақомини ушлаб туришга ҳаракат қилиши шубҳасиз. Эрон ядровий дастури ва Шарқий Украина масаласида ҳакамлик вазифасини бажариб анчагина тажриба тўплаб олган Қозоғистон, фаол дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.

Россия ва Туркия ўртасидаги келишмовчилик Қозоғистоннинг иқтисодий манфаатларига бевосита таъсир қилмоқда. Қозоғистонга бориш учун Россия чегараларидан ўтиши керак бўлган Туркия юк машиналари Россия божхона вакиллари томонидан қаттиқ назоратдан ўтяпти. Бу эса Қозоғистон иқтисодий доира вакилларининг кучли норозилигига сабаб бўлмоқда. Агар Россия Евросиё иқтисодий иттифоқидаги ҳамкорларига Туркияга қарши иқтисодий уруш очишни таклиф қилса, Қозоғистон Украина масаласида бўлганидек, таклифни рад қилиши эҳтимоли катта. Чунки Қозоғистон ташқи сиёсатда сиёсатнинг иқтисодиётга аралашмаслиги тарафдори. Россиянинг бундай таклифи уч томонлама савдо урушларини келтириб чиқариши мумкин. Қозоғистонни ўз томонига оғдириб олиш Москвага ҳеч қандай фойда олиб келмаслиги аниқ. Россиянинг ортиқча босими Қозоғистон сиёсатчилари ва иқтисодий доира вакиллари томонидан жиддий хавф сифатида баҳоланиши мумкин. Оқибатда бу вазият Остонани Евросиё иқтисодий иттифоқидан узоқлаштиришга олиб келади. Бу орқали Россия ўзини танг аҳволга солиб қўйиши мумкин. Россияни кечагина ишончли ҳамкори бўлиб келган давлатлар бугун тарк этишмоқда. Москванинг ҳужумкор сиёсати сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кичикроқ бўлган давлатларни чўчитиб юбормоқда, шу жумладан, Қозоғистонни ҳам.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Нурсултон Назарбоев Россия Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!