Собиқ президент 2 октябрь куни оғир аҳволда шифохонага олиб вафот этган, бироқ бу ҳақдаги хабар энди тарқатиляпти.
Маълумотларга кўра, Михал Ковач 30 сентябрь куни Братиславадаги муқаддас Михал шифохонасига ўта оғир аҳволда олиб келинган ва зудлик билан кардиология бўлими таркибидаги жонлантириш бўлимига ётқизилган. Орадан кўп ўтмай унинг аҳволи оғирлашган. Шундан сўнг, шифокорлар уни сунъий кома ҳолатига тушириб, сунъий нафас олиш аппаратига улашган. Бироқ шифокорларнинг ҳаракатлари натижа бермаган ва Ковач 2 октябрь куни вафот этган.
Айтиш лозимки, бу Ковачнинг юрак касаллиги билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Шу йилнинг ўзида у икки марта юрак хуружи билан шошилинч тарзда шифохонага етказилганди. Сўнгги йилларда у нафақат юрак хасталиклари, балки Паркинсон касалидан ҳам азият чекаётган эди.
Ковач Чехословакия Федерациясининг бўлинишидан сўнг Словакия Республикасининг илк президенти сифатида иш бошлаган эди. У 1993 йилнинг январида давлат раҳбари лавозимини эгаллади. 1989 йилнинг 12 декабридан 1991 йилнинг 17 майига қадар Словакия Респуликаси Молия вазири бўлиб ишлаган. Михал Ковач Чеховловакиянинг бўлинишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган сиёсатчи, доно инсон эди.