Айни дамда Италияда бўлган шоира интернет сифатсиз ишлагани сабаб Эркин Воҳидовнинг вафотидан кечроқ хабар топганини айтади.
Кўплар шоир шарафига шеър битди. Аввалроқ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳамкасби хотирасига атаб битган мисраларни эътиборингизга ҳавола этган эдик.
Шоира Фарида Афрўз эса Эркин Воҳидовнинг вафотидан Италияда хабар топганини маълум қилди. Айни вақтда круиз саёҳатида бўлган шоира Эркин Воҳидовнинг вафоти адабиёт учун катта мусибат эканини айтади. Шоира узоқ Римдан туриб шоир шарафига марсия битди ва уни ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали эълон қилди.
Хей, шоир, бас, шеър ёзма, тўхтат,
Пичоқ бориб, суякка етди.
Энди не деб ёзсанг ҳам ёлғон,
Эркин Воҳид оламдан ўтди.
Буюкларнинг дарахти буюк,
Соясида яйрагай ҳар жон.
Чақин урса, э, воҳ нетарсан?
Бу йўқликда йўқлик ҳукмрон.
Бугун шоир урфдан қолди,
Шаҳд йўқолган, ғурури синди.
Девонадек яшамоқ бекор,
Мум тишлайди, овози тинди.
Шеъриятнинг ранги соргарди,
Қалам ношуд, қоғоз паришон.
Ахир бугун карахт туйғулар,
Ҳайрат йиғлар, ташбеҳлар ҳайрон.
Эркин Воҳид ўтди оламдан,
Илҳом сўнди, тарк этди мангу.
Бу дунёнинг энг гўзал шеърин,
Ўзи билан олиб кетди у.
6.06.2016 йил.