Шимолий Кореянинг ҳарбий синовларга тааллуқли ҳаракатлари нафақат маълум бир ҳудуд, балки БМТга аъзо бошқа мамлакатлар учун ҳам хавф туғдиради.
“Хвасон–12” баллистик ракетаси Япония ҳудуди ҳаво кенглигидан учиб ўтиб, Тинч океанига қулаган эди.
КХДР раҳбари Ким Чен Ин буни “Тинч океанида ҳарбий операция ўтказиш учун илк қадам”, деб атаганди.
Шу куни кечаси, яъни 29 августда БМТ Хавфсизлик кенгаши мазкур масала юзасидан фавқулодда муҳокама ўтказди. Кенгаш Шимолий Кореядан ракета синовини тезкорлик билан тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда БМТ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шимолий Кореянинг ҳаракати нафақат маълум бир ҳудуд учун хавфли, балки БМТга аъзо бошқа мамлакатлар учун ҳам хавф туғдириши қайд этилди. Йиғилишда Хавфсизлик кенгаши тинчлик, дипломатик ва сиёсий йўл билан қарор чиқариш тарафдори эканлиги билдирилди.
Япониянинг БМТдаги вакили Куро Бешо бу эълонидан сўнг, Хавфсизлик кенгаши “қатъий қарор” чиқаришига умид билдирди.
Япония бош вазири Синдзо Абэ Шимолий Кореянинг ракета синовини миллат учун таҳдид эканлигини таъкидлади. АҚШ президенти Дональд Трамп эса КХДРнинг ҳаракатини “дунё учун сўнгги хабар”, дея таърифлаб, уни “аниқ ва равшан” бўлганлигини билдирди.
У эндиликда Вашингтон Шимолий Кореяга нисбатан барча ҳаракатларни қайта кўриб чиқишини қўшимча қилди.