Шимолий Корея қачон террорчиларга ҳомийлик қилишга улгурди? АҚШнинг яна бир асоссиз айблови.
Шимолий Кореяни халқаро терроризмни молиялаштирувчи мамлакат деб эълон қилиш мутлақо яхшиликка олиб келмайди, бу фақат муаммони янада мураккаблаштиради, дейилади Дэниел Ларисоннинг “The American Conservative” нашрида чоп этилган мақоласида.
“The New York Times” нашрида эса “КХДРнинг халқаро терроризмни қўллаб-қувватловчи мамлакатлар сирасига киритиш — ўзаро келишувга бўлган сўнгги умидни ҳам пучга чиқарди”, дейилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, янги санкцияларни талаб қилиш ва КХДРни асоссиз жиноий ташкилотларга ҳомийлик қилишда айблаш — Шимолий Кореянинг ўз-ўзини ҳимоя қилиши тўғри эканлигини бутун оламга исботлаб беришидан бошқасига ярамайди!
Бундай айбловдан сўнг Шимолий Корея баллистик ракеталар ва ядровий қурол устида ишлашни янада кучайтирса кучайтирадики, асло ортга чекинмайди.
“Етти йилдан буён турли чекловларга дуч келган Шимолий Кореяга яна қандайдир санкция таъсир ўтказишига ишониш қийин”, дейди Қирол Сежон номидаги Жанубий Корея институтининг катта шарҳловчиси Паик Хаксун (Paik Hak-soon).
“Трамп яна бир бор унга тинчлик шартномаси керак эмаслигини кўрсатди, Пхеньян эса АҚШ унинг душмани эканига яна бир бор амин бўлди”, дея қўшимча қилди Хаксун.
АҚШ халқаро муаммога бефарқ эмаслигини кўп ҳолларда санкциялар орқали кўрсатади, одатда расмий Вашингтон учун бу чекловлар у ёки бу мамлакатга қандай таъсир қилиши мутлақо муҳим эмас. Чекловлар нишондаги мамлакатларнинг ўз йўналишида давом этишига ҳеч қачон тўсиқ бўлмаган, лекин доимги омадсизликдан сўнг АҚШ яна ва яна чекловлар қўяверади. Бу ҳаракатлар натижасида авторитар режимлар янада шафқатсизлашиб бораверадилар.
КХДР дунёдаги энг кўп чекловлар қўйилган мамлакат ҳисобланади. Янги санкцияларнинг энди нима кераги бор?!
Оқ уй ҳамон КХДРни нима мақсадда террорчиларнинг ҳомийсига чиқарганини тузукроқ асослаб бера олгани йўқ. Трампнинг айтишича, 2008 йилда Кичик Жорж Буш томонидан КХДРни террорчиларни молиялаштирувчи мамлакатлар рўйхатидан олиш хато бўлган. Расмий Вашингтоннинг Шимолий Корея ҳақиқатан ҳам, яқин йилларда терористик гуруҳлар ва терактларни молиялаштиргани ҳақида бирорта далили йўқ.
Япония ҳам, биринчилардан бўлиб, АҚШнинг бу қарорини маъқуллади. Трампнинг бу ҳаракатларидан сўнг Шимолий Корея ҳукуматини ўзаро тинчлик сулҳини тузишга чақириши бу “томоша”ни аввалдан кузатиб келаётганлар учун ниҳоятда кулгили кўриниши табиий.