...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳрам Ғиёсов болаликдаги орзуси Президент билан кўришиш бўлганини айтди


18:54, 07.09.2016 Спорт
 4 348

“Олимпиадада медаль олсам, Президентимизнинг кўксига тақиб қўяман, деб ўйлагандим”, дейди Олимпиада ўйинларининг Олтин медаль совриндори

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти бутун халқимизни чуқур қайғуга солди. Куни кеча ўзбекистонлик спортчилар Рио-де-Жанейрода ўтказилган XХXI ёзги Олимпиада ўйинларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медалларини қўлга киритиб қайтганида халқимиз жуда қувонган эди. Олимпиада совриндорларига Президент Фармони билан пул мукофотлари ҳамда Malibu автомобили тақдим этилди. Бироқ шундай қувончли кунларда спортчиларнинг қўлини сиқиб, фарзандларини ғалаба билан қутлаш Президент Ислом Каримовга насиб этмади. Аслида ўзинг эккан ниҳолнинг мевасини ейишданда тотли он йўқ. Ислом Каримов фарзандларининг зафар қучганини кўрди, тўйни тўёнасиз қўймади, бироқ қувонч тўла кўзларни ёшлатиб кетди.
 
Халқимиз бошига тушган оғир мусибат Олимпиада совриндорларининг кайфиятига ҳам таъсир ўтказди.
 
Шаҳрам Ғиёсов, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори: 

– Ҳар сафар бирор хорижий давлатга мусобақага борганимизда, у ерда узоқ қололмаймиз. Мусобақа тугаши билан жонажон Ўзбекистонимизга шошамиз. Чунки жаннатмонанд Ватанимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган ишлар қилиндики, натижада ўтган йигирма беш йил ичида юртимиз дунёдаги энг тинч-осойишта давлатга айланди, халқимиз бахтли ва фаровон ҳаёт кечирмоқда, орзу-умидларининг рўёбини кўрмоқда. Бунинг учун мустақиллигимиз асосчиси Президентимиз Ислом Каримовдан миннатдормиз. У кишининг хотираси қалбимизда абадий яшайди. 

Президентимиз билан кўришишни болалигимдан орзу қилардим. Телевизорда у кишининг спортчиларни бағрига босиб қўйишини кўрганимда ҳавасим келарди. Шу боис спорт билан жиддий шуғулландим. Мен ҳам чемпион бўлиб, Юртбошимиз билан кўришаман, деб ният қилганман. 

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ярим финалга чиққанимда ҳам медални нақд қилганим учун эмас, ана шу орзуимнинг ушалишини ўйлаб, хурсанд бўлгандим. Олимпиадада медаль олсам, Президентимизнинг кўксига тақиб қўяман, деб ўйлагандим.
 
Олимпиадада бизнинг юксак ғалабамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг дунёдаги энг кучли жамоа, деб эътироф этилиши ҳам Юртбошимизнинг спортчиларга қаратган эътибор ва ғамхўрлиги, яратган кенг шароит ва имкониятлари туфайлидир.
 
Юртбошимиз Бразилияда қўлга киритган ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан мени “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонига муносиб кўрди. 

Биз, ёшлар Президентимизнинг номини абадий қалбимизда сақлаймиз, ҳар доим бу буюк инсоннинг ишончига муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. 

Теглар:Ислом Каримов Хотира Шаҳрам Ғиёсов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!