XХXI ёзги Олимпиада ўйинларининг Олтин медаль совриндори Шаҳобиддин Зоиров Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотидан чуқур қайғуда эканини айтди.
Халқимиз бошига тушган оғир мусибат Олимпиада совриндорларининг кайфиятига ҳам таъсир ўтказди.
Шаҳобиддин Зоиров, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби:
– Президентимиз ёшлар билан учрашганда ҳар бирини бағрига босиб, уларнинг буюк келажак барпо этишига ишонишини таъкидларди. Ҳа, Президентимиз биз, ёшларга худди, ота фарзандига, бобо неварасига ишонгандек ишонарди.
Биз, ёшлар ҳам Юртбошимизга суянардик, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар бир айтган сўзи, ҳар бир иши бизни руҳлантирар эди. Ана шундай меҳр ва эътибор туфайли ўзбек ёшлари дунё майдонига чиқди, кўксини кериб, дунёнинг манаман деган давлати спортчилари билан тенгма-тенг беллашишга қодир эканини исботлади.
XXXI ёзги Олимпиада олтин медалини қўлга киритдим. Бу медалимни она Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга бағишладим. Бу ғалабам юксак баҳоланиб, Юртбошимизнинг 2016 йил 24 августдаги фармони билан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирландим.
Президентимиз Ислом Каримовнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз ва бунга жавобан кейинги Олимпиадалар ва нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграши учун куч-ғайратимизни аямаймиз.