Хонанданинг оила аъзолари ва яқинларининг маълум қилишича, жаноза аср номозидан кейин Раҳимжон ота жоме масжидида ўқилади.
Бироз аввал хонанда Шаҳнозабонунинг вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, “Qalampir.uz” таҳририятининг телефонлари тинмаяпти. Қўнғироқ қилаётганлар орасида таниқли санъаткорлар ҳам бор. Кўпчилик Шаҳнозабонуни бир неча ой аввал кўрганини айтса, яна кимдир “бу хабар ёлғон дейишяпти-ку”, – деб мурожаат қиляпти. Минг афсуски, тарқалган хабарлар рост. Хонанда бироз аввал умртқа бўйин соҳасида оғир жарроҳлик операциясини бошдан ўтказган эди. Шифокорлар унинг тузалиб кетишига умид боғлаб, уйга жавоб беришганди. Бугун тонгда хонанда ота уйида жон берди.
Маълумотларга қараганда, кеча, 13 март куни хонанда ўз уйида шифокор кўригидан ўтган. Шифокорлар унга қимирламай ётишини тайинлашган. Қизи Умида эса докторларни кузатиб кўчага чиққан. Шу тобда хонанда ўрнидан турмоқчи бўлиб йиқилиб тушган ва жароҳатланган. Тонгга бориб жони узилган.
Хонанданинг оила аъзолари ва яқинларининг маълум қилишича, жаноза аср номозидан кейин Раҳимжон ота масжидида ўқилади.