Шаҳнозабону яқиндагина оғир жарроҳлик операциясини бошдан ўтказган эди.
Хонанда 1974 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган эди. Бир қизнинг онаси бўлган Шаҳнозабону 2000 йиллардан бошлаб тилга туша бошлади. Бунда хонанданинг “Қизалоғим”, “Дўст”, “Қизғонаман” номли қўшиқларининг ўрни беқиёс.
Қандолатпазликдан иш бошлаб, Тошкент шаҳрида энг намунали келин сифатида эътироф этилган Шаҳнозабонуни кўпчилик нафақат хонанда, балки қўли гул пазанда сифатида яхши биларди. Бир вақтлар торт ва ширинликлар пиширш бўйича унинг тенги йўқ эди. Иқтидорли киши ҳар нарсада иқтидорли бўлади дейишади. Шаҳнозабонунинг яширин иқтидори ҳам кун келиб куртак очди ва у хонандаликка киришди.
Шаҳнозабонунинг ижоди йиллар давомида сайқал топиб, у ўзбек шоу-бизнесидаги суюкли ва таниқли хонандалар қаторидан ўрин олди. У ижро этган “Қизалоғим” таронаси мана неча йилларким тилдан-тилга ўтиб келмоқда. Қиз туғилган ҳеч бир хонадон йўқки, ушбу қўшиқ баралла жаранг сочмаса.
Яқиндагина хонанданинг отаси билан учрашган эдик. “Қизимни Худо қайтариб берди.Жуда оғир операцияни бошдан ўтказди. Бетоб бўлиб, шифокорга мурожаат қилмай юраверган экан”, – деган эди бояқиш.
Биз Шаҳнозабонунинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Хонанданинг сиймоси қўшиқлари билан халқимиз хотирасида муҳрланиб қолажак.