Шаҳнозабону тириклик чоғида ижодидаги энг сўнгги қўшиғини мухлисларига тақдим этолмай кетди.
Таҳририятимизнинг электрон манзилига келган мактублардан бирида ёш ижодкор Бекпўлат Бахтиёр бундан роппа-роса бир йил аввал ёзган шеърини хонанда Шаҳнозабону куйлаб чиққанини ва бу қўшиқни радио, телевидениелар орқали мухлисларга тақдим этишга улгурмаганини айтиб, қўшиқни сайтга жойлаштиришимизни сўради.
Бекпўлат Бахтиёр:
— “Меҳрингиздан айланай” номли шеърий тўпламимдан ўрин олган “Меҳрингиздан айланай” номли шеърим Шаҳноза опага жуда ёқиб қолиб, қўшиқ қилдилар. “Мусиқасини ўзим басталадим, бу қўшиқ учун кўплардан яхши фикрлар эшитяпман, насиб қилса клип оламан”, – дегандилар. Афсус, Шаҳноза опа тириклик чоғида бу қўшиқни оммага тақдим этишга улгурмади. Қўшиқни улардан қолган энг сўнгги ёдгорлик сифатида мухлисларига тақдим этишни ўз вазифам деб билдим.
Онажоним, жонажон ўзингиздан айланай,
Болам деб эркалаган сўзингиздан айланай.
Хато қилсам ҳамиша тўғри йўлга соларсиз,
Ортингиздан борарман изингиздан айланай.
Шаҳнозабону бу қўшиқни бежиз куйламагандир, балки. Хонанданинг яқинларидан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ўз хотираларида Шаҳнозабону онасининг вафотидан кейин анча сўлиб қолганини, у бу дардни кўтара олмаганини айтганди. Хонанда “Қизалоғим” деб куйлаб, қалбларга қувонч улашган, тилга тушган бўлса, “Меҳрингиздан айланай” деб сўнгги бор нола қилди.
Шаҳнозабону ижросидаги энг сўнгги қўшиқни сайтимизнинг мусиқа бўлимида тинглаш ва кўчириб олиш имкониятига эгасиз.
Эслатиб ўтамиз, хонанда Шаҳнозабону 14 март куни 42 ёшда оламдан ўтди.