Туркияда сўнгги саккиз ойда бешта йирик теракт амалга оширилди
Қизилой майдонига яқин ҳудуддаги автобус бекатига ичига бомба ортилган автобус келиб тўхтаган ва шу ернинг ўзида портлаган. Кучли портлаш Қизилой майдонидан бир неча чақирим узоқликдаги ҳудудларга ҳам сезилган. Портлаш натижасида бир қанча автобуслар ва энгил автомобилларга зарар этган.
Жорий йилнинг 17 февраль куни ҳам Анқаранинг айнан Қизилой майдонида, ҳарбийлар ётоқхоналарига яқин ҳудудда кучли порташ юз бериб, 28 кишининг умрига зомин бўлганди. Теракт оқибатида 60 киши оғир жароҳат олган эди.
Шу ерда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз: 17 февраль ва 13 март куни бўлган қўпорувчилик ҳаракатлари айнан бир ҳудудда содир этилди. Терактни амалга оширишда ишлатилган икки транспорт воситаси ҳам ўғирланган. Бундан ташқари, 17 февралдаги теракт амалга оширилишидан олдин Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжонга ташриф буюриш арафасида турган эди ва Анқарадаги портлаш туфайли сафар кечиктирилганди.
15 мартга қолдирилган Озарбайжонга ташриф кутилаётган пайтда, Анқарада яна қўпорувчилик ҳаракати содир этилди. Бу сафар ҳам икки давлат раҳбарларининг учрашуви кечиктирилди.
Туркия жорий йилда амалга оширилган икки терактда ҳам Курдистон ишчи партиясини айбламоқда. Анқарадаги воқеалардан сўнг, Туркиянинг қирувчи самолёти Ироқ шимолидаги Курд ҳарбий лагерларига зарбалар беришни бошлади.
Туркияда аксилтеррор ҳолат кучайтирлиб, терроризмда ва КИПга алоқадорликда шубҳаланилаётган 36 киши қўлга олинди. Туркиянинг Ироқ ва Эрон чегарасига яқин ҳудудда жойлашган Юксекова шаҳрида КИП ҳарбийларига қарши 20 минг полиция офицерлари катта кўламли хавфсизлик операцияларини ўтказди. Деярли бир йилдан буён Туркияда террористик ҳужумларнинг охири кўринмаяпти. Мамлакат ҳудудида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ДАИШ ва КИП айбланмоқда. Дастлабки йирик теракт 2015 йил июлида Туркиянинг Сурияга чегарадош жануби-шарқий қисмида жойлашган Суруж шаҳрида 32 нафар курдпараст ва социалист ёш активистлар ДАИШ уюштирган портлаш натижасида ҳалок бўлган эди.
2015 йилнинг октябрь ойида Анқарада ДАИШга аъзо худкуш террорист ўзини портлатиши натижасида 102 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида курдпараст ва социалист ёшлар кўпчиликни ташкил этган эди. Кейинги теракт 2016 йил январь ойида содир этилди. Истанбулнинг машҳур Султонаҳмад майдонидаги портлаш натижасида 11 нафар германиялик сайёҳ ва бир перулик вафот этди.
Сўнгги икки қўпорувчилик ҳаракати билан умумий ҳисобда 8 ой ичида бешта теракт амалга оширилди.
Бизнингча, Туркияда бўлаётган қўпорувчилик ҳаракатлари ва таҳдидларга Суриядаги фуқаролик уруши ва унда Туркия иштирок этиб, Башар Асад ҳукуматига қарши оппозицияни қўллаб-қувватлаётгани сабаб бўлмоқда.
Мамлакатда бўлаётган террористик ҳаракатлар турк жамияти ва Туркияга кўп ташриф буюрувчи асосий сайёҳлар орасида хавфсизликка ишончсизликни келтириб чиқариши табиий. Баъзилар ҳукуматнинг бундай воқеаларни олдини олишдаги имкониятларига шубҳа билан қараб, ҳисобот талаб қилмоқдалар. Аҳолининг бир қисми уюштирилаётган терактларни Адолат ва тараққиёт партияси тузган ҳукумат ва президент Эрдўғанга қаратилган, деб ҳисобламоқда.
Журналист Менексе Токяй “International Business Times” журналида ёзган мақоласида айтишича, Туркияда терактларнинг кўпайгани мамлакатнинг хавфсизлик аппарати заифлигини кўрсатади. Хавфсизлик аппаратидаги кучсизликнинг сабабларидан бири ҳарбийлар ва полицияга қарши суд ишлари ва терговлардир.
“Туркияда ҳар сафар қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилгандан кейин ҳукумат ОАВга воқеани очиқчасига ёритишни тақиқлаб, аҳолини чекланган ахборот билан таъминлашга ҳаракат қилар эди, лекин бу халқ орасида юзага келаётган норозилик ва кескинликни камайтира олмади”, – дейди Токяй.
Юқоридаги фикрларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, Яқин Шарқ минтақасида можаролар марказига айланган Сурия ва Ироқ ҳудудларида бўлаётган уруш уларга чегарадош Туркияга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Мазкур икки давлатдан Туркияга кириб келаётган юз минглаб муҳожирлар орасида ДАИШ жангариларининг йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.