...
МЕНЮ
ONLINE TV

Амир Хон рафиқаси билан ажрашгандан сўнг тушкунликка тушиб қолган эди


18:30, 15.03.2016 Кино
 8 337

У Болливудда 10 йил давомида машҳурликни қўлдан бермаган ягона актёр...

“Мен, мени илҳомлантирган фильмлардагина роль ижро этдим. Улар инсонлар қалбида қандайдир из қолдиришини истардим. Айни дамда, ҳозир, бугун бўлмаса-да, бошқаларнинг хабари орқали бу фильмлар қалбларга йўл топади деган умиддаман... Бу фильмлар қачонлардир қилиниши керак бўлган ишларни ёдга солишини, улар орқали ҳаётдаги баъзи нарсаларга бошқача кўз билан қарашга кўмак беришини хоҳлардим. Мен бу фильмлар ана шундай кучга эга эканига улар мухлисларимга ёққани учун эмас, энг аввало ўзимга ёққани учун ҳам ишонаман...”
Амир Хон

“Дил”, “Уч савдойи”, “Жоним фидо” каби ўнлаб фильмлар орқали миллионлаб мухлисларининг қалбидан жой олган ажойиб актёр, продюсер, режиссёр, сценарист, қўшиқчи ва телебошловчи Амир Хон 14 март куни 50 ёшга тўлди. У Ҳиндистондаги энг обрўли, эътиборли ва хурматли актёрлардан бири саналади.

Асл исми Муҳаммад Амир Ҳусайн Хон бўлган қаҳрамонимиз 1965 йилнинг 14 мартида Мумбайда туғилган. Унинг таъқидлашича, Ҳусайн унинг фамилияси, Хон эса шажаравий исмдир. Шу сабабли у ўзини Амир Хон деб атайди.

Отаси Тоҳир Ҳусайн продюсер ва шоир онаси Зинат Ҳусайн. Оилада тўнғич фарзанд бўлган Амир Хоннинг Файзал исмли укаси, Нихат ва Фарҳат исмли сингиллари бор. Унинг қариндошлари орасида кино санъати билан боғлиқ инсонлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Амакиси Носир Ҳусайн ва тенгқури Мансур Хон режиссёрлик касбини эгаллашган, амакиваччаси Тарик ва жияни Имрон Хон ҳам актёрдир.
 
“Мен ким бўлсам, ўшаман. Одамлар мен ҳақимда нима деб ўйлашни ўзлари ҳал қилишсин. Энг аввало мен инсонман, кейинги ўринда ижодкорман. Ижодкор сифатида эса мен баъзан актёрлик, баъзида режиссёрлик билан шуғулланаман. Буларнинг ҳаммаси – мен. Мен бошқалардан фарқ қилмайдиган, ўз ҳадиклари, умидлари, куч ва ожизликларига эга бўлган инсонман”
Амир Хон

Кичиклигиданоқ Амир Хон актёр бўлишни орзу қиларди. Дастлабки икки йилни у JB Petit School мактабида ўқиди, кейин эса Муқаддас Анна мактабига ўтди. Охирги синфларни эса Бомбейдаги Шотландия мактабида тамомлади. Мактабда ўқиш давомида у кўпроқ спортга қизиққан. Теннис ўйнашни хуш кўрарди ва айнан мана шу спорт туридаги муваффақиятлари билан миллий чемпионатгача чиққан. Тахминан ана шу йилларда у “Avantar” театр гуруҳига қўшилди ва 1,5 йил давомида саҳна ортида ишлади. Илк бор у “Притхви” театри саҳнасига “Kesar Bina” гужарот пьесасидаги роли билан чиққан. Коллежга эса 12 йиллик таълим дастурини ўқиб бўлгач бормай қўйди.

Амир Хоннинг ижодий фаолияти аслида 1973 йили амакиси режиссёрлик қилган  “Бир-бирини топиш” фильмидаги Ринат образидан кейин бошланган. У Мансур Хон режиссёрлигидаги қатор фильмларда ҳам роль ижро этган.

1985 йили Хон дўсти Ашутош Говарикернинг “Holi” фильмида ўйнади. Актёрнинг ўзи илк ижоди 1988 йили “Ҳукм”  фильмидан сўнг бошланган деб, ҳисоблайди. Ушбу фильмнинг сценарий муаллифи ва продюсери унинг амакиси Носир Ҳусайн тегишли эди. Замонавий Ромео ва Жульетта образи ҳинд кинематографиясида ўзига хос бурилиш бўла олди. Картина “Filmfare Awards”нинг 8 та мукофотига лойиқ топилди ва “Энг яхши машҳур фильм” номинациясидаги ғолиблик учун Миллий Кинопремьера мукофотини қўлга киритди. Амир Хон “Энг яхши эркак роли дебюти” номинациясида, унинг кинодаги севгилиси Жухи Чавла эса “Янги чеҳра” номинациясида ғолиб бўлди. Кейинроқ Indiatimes Movies томонидан “Ҳукм” фильми “Томоша қилиниши лозим бўлган 25 фильм” рўйхатига киритилди.

Амир Хон ва Жухи Чавла ижросидаги иштирокидаги фильмлар Болливуддаги энг яхши фильмлар бўла олган. Актёрлар жами 7 та фильмда жуфтлик бўлиб роль ижро этишди. Улар сирасига “Севги, севги, севги...” (1989 йил), “Сен меникисан” (1990 йил), “Севгига пешвоз чиқиб” (1993 йил), “Эҳтирос” (1997 йил) кабиларни киритиш мумкин.

1993 йил Амир Хон Робин Бхатт билан ҳамкорликда “Севгига пешвоз чиқиб” фильми учун сценарий ёзади. Фильмга Хоннинг ота-онаси продюсерлик қилишади. Унда Жухи бош қаҳрамонни гавдалантиради. Бу фильм ҳам катта экранларга чиққан Болливуднинг ўзига хос услубдаги энг кассабоп фильмлари қаторидан жой олди. “Filmfare Awards” мукофотининг 9 та номинациясига тавсия этилган фильм 5 та номинацияда мукофотни қўлга киритди ва “Йилнинг энг яхши фильми” бўлди.

“Миллионернинг қизига уйланишни хоҳлайман” (1994 йил) картинаси Хоннинг навбатдаги омадли фильмларидан бўлди. Кетма-кет “Қувноқ” (1995 йил), “Турфа тақдирлар” (1995 йил), “Тақдирга бўйсунмаганлар” (1998 йил), “Ёмон ният” (1999 йил) каби фильмларда ўйнади.



2000 йилдан сўнг унинг иштирокидаги “Севувчи юрак” (2001 йил) ва “Лагаан: бир куни Ҳиндистонда” (2001 йил) фильмлари омадли деб топилган. Айниқса “Лагаан: бир куни Ҳиндистонда” картинаси унинг нафақат актёрлик маҳоратини балки продюсерлик қобилиятини ҳам намоён этишида катта мактаб вазифасини ўтаган. Бунинг учун у собиқ рафиқаси Рина Дутта билан “Aamir Khan Productions” продюсерлик компаниясига асос солади. Авваллари Амир Хон фильмларга продюсерлик қилишни асло истамасди. Отасининг қийинчиликлар билан битта кинони катта экранга чиқаргунгача бўлган меҳнатини кўриб, балки у шундай фикрга келган бўлиши ҳам мумкин. Ушбу фильм сценарийси ва режиссураси Говарикернинг бўйнида эди.  Аммо у дўсти Ашутош Говарикер учун ўзига қарши чиққан ҳолда фильм продюсери бўлишга рози бўлди ва адашмади. Картина 8 та Миллий кино мукофоти, “Filmfare Awards”нинг 9 та мукофоти, 9 та “Screen Awards” мукофоти ва “IIFA Awards”нинг 10 та мукофотига лойиқ деб топилди. Шунингдек, “Оскар” мукофоти учун “Чет тилидаги энг яхши фильм” номинациясига қўйилган.

Гарчи продюсерлик борасида унга омад кулиб боққан бўлса-да, оилавий муаммолари оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуси бўлди. У 16 йиллик турмушдан сўнг, рафиқаси Рина Дутта билан ажрашди (1986 – 2002 йиллар). Ҳозирга қадар уларнинг ажрашиш сабаблари сирлигича қолмоқда. Бу воқеалар Хоннинг ҳаётидаги энг қийин дамлардан бири бўлди. У киноларда роль ўйнамай қўйди, одамлар гавжум жойлардан қоча бошлади. Орадан 3 йил ўтиб, яъни 2005 йил у “Қўзғалон” фильми билан экранга қайтди. 2006 йил “Заъфарон ранги”, “Кўр муҳаббат” фильмида Кажол билан ўйнади.



Амир Хоннинг илк режиссёрлик иши “Ердаги юлдузча” филмидан бошланган. Ушбу фильмда Хон ҳам бош ролда, ҳам режиссёр, ҳам продюсер сифатида ишлаган.

2008 йилда “Гаджини”, 2009 йили “Уч савдойи”, 2010 йилда “Мумбай кундаликлари”, 2012 йили “Ҳақиқат яқин атрофда” фильмлари Болливуддаги энг кассабоп фильмлар сирасига кирган. “Мумбай кундаликлари” фильми Амир Хоннинг иккинчи рафиқаси Киран Раонинг илк режиссёрлик иши бўлган.

Амир Хоннинг биринчи турмушидан икки фарзанди бор. Улар ўғли Жунаид ва қизи Айра.

2011 йилнинг 1 декабрида Амир ва Киранлар Азад исмли ширингина ўғилчанинг ота-онаси бўлишган. Азадни суррогат она дунёга келтирган.

Амир Хон ҳақидаги қизиқарли маълумотлар:

1. Амир Хон оилапарвар актёр. Оиласидан узоқлашмаслик учун у 1 йилда биттадан ортиқ фильмни суратга олмайди.
 
2. Хон дам олиш кунлари ишламайди. Бу кунни у фақат оиласи учун атайди. Улар билан шахмат ўйнашади, мусиқа эшитишади.
 
3.Амир Хон Бомбейда 10 йилдан бери машҳурлигини қўлдан бой бермаган энг обрўли актёрлардан бири саналади. Шу йиллар давомида унинг иштирокидаги ҳеч бир фильм омадсизликка учрамаган.

4.Амир Хон ҳазил ўйинларни яхши кўриши билан бошқа актёрлар орасида ажралиб туради. “Муҳаббатда чегара йўқ” фильмини суратга олиш чоғида у Жухи билан шундай ҳазиллашадики, натижада Жухи ундан хафа бўлиб бир неча йиллар давомида у билан роль ўйнамай қўяди. Кейинчалик улар ярашиб кетишади ва фильмнинг 25 йиллигини бирга нишонлашади.
 


5.Хоннинг ҳоббиси шаҳматдир. Шунингдек, крикет, теннис ўйнашни хуш кўради.
 
6.Унинг энг яхши кўрган ёзувчиси Лев Толстой. Интервьюлар чоғида у кўпинча айнан Толстойнинг сўзларидан фойдаланади.
 
7.Амир Хоннинг ўзи учун яратган қоидалари бор. Оилапарварликдан ташқари у такрорланмас образни гавдалантиришни ҳам ўз олдига қоида сифатида қўйган. Яъни ҳар бир янги фильмда у кўриниши ва исмини ўзгартириши шарт. 2001 йили “Севувчи юрак” фильмидаги образини “Filmfare” “Болливуд тарихида йилнинг энг ажойиб соч турмаги ва кийиниш услуби” сифатида тан олган.
 
8.Актёр Миллий киномукофот ва “Оскар” мукофотларини ҳақиқий деб билади. Бошқа мукофотларнинг тақдирлаш маросимларига у бормайди.
 
9.Бирор бир фильм юзасидан шартнома тузишдан аввал Хон тугалланган сценарийни ўқиб чиқишни талаб қилади.
 
10.У мукаммалликни хуш кўради. Болливудда уни “Жаноб мукаммал” деб аташади.
 
11.Шу билан бирга болливудда уни яна “сирли режиссёр” деб ҳам аташар экан. Бунга сабаб, кўпчиликнинг фикрига кўра, у ўйнаган фильмларидаги воқеалар ривожини ёки бирор сюжетни ўзи истаган шаклга ўзгартириши мумкин экан. Аммо у билан бирга ишлаган режиссёрларнинг фикрларича, Амир Хон ҳеч қачон фильмнинг воқеаларига ўз таъсирини ўтказмаган. У ҳақидаги бундай гаплар ёлғон, аксинча, у одамларга ғайриоддий туюлиши мумкин бўлган саҳналарни бироз бошқача услубда талқин қилишни маслаҳат берар экан. Албатта, ўз ўрнида бу режиссёрларни хурсанд қилади. Ахир Амир Хон доимо омаднинг жиловини ушлаб келган аткёр-ку.
 
12.Рафиқаси Киран Рао эркалаб уни “Chholte” деб чақиради.

13.Хон Альфред Хичкокнинг мухлиси.
 
14. Амир Хон ижросидаги қўшиқлар “Тақдирга бўйсунмаганлар” ва “Исёнкор қалб” фильмларида янграган. “Тақдирга бўйсунмаганлар” фильми учун куйланган “Aati Kya Khandala” қўшиғи хит-параднинг энг олд мусиқаларидан бири бўлган. Ҳозиргача у Болливуд тарихидаги энг чиройли қўшиқлардан бири саналади.
 
15.Амир Хон журналистларга “Фильмларим нақадар яхши эканини билишим учун менга мукофот беришлари шарт эмас” дегувчи ягона Болливуд актёридир.
Умида Якубова

Теглар:Амир Хон Болливуд Кажол Жухи Чавла 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Салмон Хон қамалди!

17:39, 05.04.2018 22 249

Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!