Муқаддас динимизга мувофиқ мақбарада Қуръони каримдан тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев бугун, 26 май куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мақбараси ва жомеъ масжидида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мустақиллик йиллари бу муқаддас қадамжо қайта тикланиб, ободонлаштирилди. “Сузук ота” маҳалла фуқаролар йиғинида беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик ривожланган.
Муқаддас динимизга мувофиқ мақбарада Қуръони каримдан тиловат қилинди.
"Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим", деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.
Маълумот учун, Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб, “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда йил буюк бобокалонимиз Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.