Президент Ўзбекистон келажакда ривожланиш учун ўтган чорак асрда эришилган ютуқларга таянишини таъкидлади.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев ўз нутқи аввалида мустақиллик учун жон фидо қилган инсонларни ёдга олди. Табиийки, бу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни эслаб ўтди.
“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг барҳаёт номларини ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга оламиз”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шу ўринда, яқинда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини ОАВда тилга олмаслик, унинг иштирокидаги кадрларни кўрсатмаслик тўғрисида топшириқ бўлганилиги ҳақида хабарлар тарқаган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг нутқи аввалида Ислом Каримовни ёдга олиши бу хабарлар уйдирма эканини яна бир бор исботлади.
Президент Ўзбекистон келажакда ривожланиш учун ўтган чорак асрда эришилган ютуқларга таянишини таъкидлади.
“Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз”, деб қайд этган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари халқ билан мулоқотнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
“Бир ҳақиқатни таъкидлаб айтмоқчиман: халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш, эл-юртимизни рози қилиш – бу вақтинчалик кампания эмас. Бу – халқимизнинг фаровон ҳаётини, юртимиз равнақини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир”, деб қайд этди Ўзбекистон Президенти.