Бугун Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга "Данакер" ордени топширилди.
Масалан, жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида, БМТ шафелигида ташкил этилган, “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференциянинг ташкил этилиши замирида ҳам, нафақат Ўзбекистон, балки, бутун Марказий Осиё халқлари учун бирдек жон койитиш борлиги кузатилади. Чунки, бу минтақада жойлашган халқларни ягона тарих ва умумий келажак бирлаштириб туради. Демак, уларнинг ривожланиши ҳам бир-биридан айро бўлиши мумкин эмас.
Ҳозирги глобаллашаётган даврда Марказий Осиё давлатлари бирлашса, дунёнинг бошқа йирик марказлари ҳам ҳисоблашишга мажбур бўладиган катта кучга айланади. Шавкат Мирзиёевнинг асосий эътибори шунга қаратилгани билан таҳсинга сазовордир. Давлатимиз раҳбарининг бу йўналишдаги прагматик ёндошуви минтақадаги барча давлатлар раҳбарлари, оддий халқи томонидан ҳам қизғин олқишлар билан кутиб олинмоқда.
Бугун Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков расмий ташриф билан мамлакатимизга ташриф буюрди. Бу унинг хорижий давлатларга қилган биринчи расмий ташрифи ва айнан Ўзбекистондан бошлангани ҳам, икки халқнинг тарихи ва келажаги бирлигига ишорадир. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлик муносабатларида ҳам, иқтисодий соҳада янги марралар қўлга киритилмоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2016 йил охирига келиб 23 фоиз ўсган ҳолда, 167,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич қарийб 70 фоиз ошиб, 112 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Авваламбор, икки томонлама олий даражадаги мулоқотлар яхши йўлга қўйилгани сабабли, қуйи даражадаги ўзаро алоқалар янада фаоллашди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистонга давлат ташрифи билан борган бўлса, октябрь ойида Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев мамлакатимизга давлат ташрифи билан келди.
Бугун яна олий даражадаги учрашувнинг ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг интенсив даражага кўтарилганини англатади. Ҳозирги давр шиддат билан ривожланмоқда, демак, бундай учрашувлар ҳам тез-тез бўлиб туриши тақозо қилинади. Қирғизистон Президенти Сооронбой Жээнбеков мамлакатимизга ташрифи арафасида, Ўзбекистонга алоқадор бир қанча ҳужжатларни имзолади. Бу унинг ташқи сиёсатни белгилаш борасида қўшни давлатларга очиқлик, самимийлик билан ёндашганининг белгиси.
Шунингдек, Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Республикаси Президенти сифатидаги сўнгги ҳужжатларидан бири, айнан Шавкат Мирзиёевни икки мамлакатнинг “стратегик - шериклигини ўрнатишга улкан ҳисса қўшгани учун” Қирғизистоннинг юксак давлат мукофоти — “Данакер” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармони эди. Бугун бу орден Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков томонидан тантанали равишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга топширилди. Бу ўзаро ҳурмат ва ишончнинг амалдаги ифодасидир. Бундай муносабатларнинг ривожланишидан энг катта фойда кўрадиганлар, бу – ҳар икки давлатнинг халқидир.