Умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14% га камайгани алоҳида эътироф этилди.
Таҳририятимиз мазкур мавзуга яна мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг видеоселектор йиғилишидаги нутқида таъкидлаган фикрларга эътиборингизни яна бир бор жалб қилишга жазм этдик.
Албатта, жорий йилда олиб борилган ишларнинг самараси ўлароқ жиноятчилик бирмунча камайганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ортда қолган давр мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14% га камайган.
Шундан талончилик 16%, босқинчилик 19%, қотиллик 21%, товламачилик 22%, безорилик 34% га камайишига эришилган. Жиноят содир этган аёллар 16% га, ёшлар 14% га, вояга етмаганлар 17% га камайган. Шундай бўлса-да, Давлат раҳбари ҳар бир сектор раҳбари жиноятчиликнинг ҳолати учун шахсан ўзи жавоб беришини таъкидлади.
Шунингдек, сектор раҳбарларининг бу борадаги масъулиятини ошириш мақсадида Сенат раиси Неъматилла Йўлдошев бошчилигида “Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш” Республика комиссияси тузилиши, ушбу Комиссия таркибига қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар, яъни “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, “Ёшлар иттифоқи”, “Хотин-қизлар” қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, “Маънавият ва маърифат маркази” раҳбарлари ҳам киритилиши Президент томонидан алоҳида таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жиноятнинг “жиловланиши”, унинг олди олиниши — одамлар ҳаётида ўзгаришларига сабаб бўлиши, шунингдек, жамиятда ижобий ўзгаришлар содир бўлиши алоҳида қайд этилди.