Президент замонавий талаблар асосида бунёд этилган 630 ўринли 55-сонли мактабда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Сергели туманига ташрифи давомида Давлат раҳбари фойдаланишга топширилган янги мактабни ҳам бориб кўрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, замонавий талаблар асосида бунёд этилган 630 ўринли 55-сонли мактабда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун барча шароит яратилган.
Шунингдек, бу ҳудуддаги уйларнинг ойнаванд қисмлари мактаб тарафга қаратилган бўлиб, бу болаларнинг мактабга қатнаши, танаффус пайтида ҳам уларга кўз қулоқ бўлиб туриш учун қулайдир.
Президент шу ерда Сергели тумани фаоллари, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, янги уй соҳиблари билан учрашди.
Учрашувда жамиятимиздаги тинчлик-осойишталик, аҳолига яратилаётган шароитлар, янги иш ўринлари яратиш тўғрисида сўз юритилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, Президент Сергели тумани 6-А массивидаги сузиш ҳавзасини ҳам бориб кўрди. Хабарда маълум қилинишича, ушбу сузиш ҳавзасининг узунлиги 25 метр, эни 11 метр. У кунига 150–200 кишини қабул қилишга мўлжалланган.
3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган мазкур иншоотда ёшларнинг сузиш техникасини ўрганиши ва маҳоратини ошириши учун барча шароит яратилган.
Ташриф вақтида Шавкат Мирзиёев “Юртимиз иқлим шароитига, ёз ва қиш фаслига мослаб Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан замонавий сузиш ҳавзаси қуриш керак, уларни барпо этишда сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш лозим”, деб айтиб ўтди.
Президент спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга болаларни янада кенгроқ жалб қилиш, сузиш техникасини ўргатадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.