“Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди” дейди давлат Раҳбари.
Президент мазкур йиғилишда қишлоқлардаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмагани оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси эскича кўринишда қолгани ва жойларда уйлар тартибсиз қурилиб, инфратузилма объектлари қаровсиз аҳволга келиб қолгани ҳақида нутқ сўзлади.
“Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Иккинчи томондан, улар ҳам фуқароларимиз, нима учун улар шароит йўқ жойда яшаши керак?
Биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий ўсади. Бунинг натижасида Ватанимиз обод бўлади ва мамлакатимизнинг иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади”, дейди Президент ўз нутқида.
Маълумот учун, жорий йилда 368 та қишлоқ обод қилиниши тасдиқланган. 127 мингта уй-жойларни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, 1 минг 900 километр ичимлик суви тармоғи, қарийб 2 минг километр электр ва 263 километр газ тармоқлари барпо этиш, 850 та ижтимоий ҳамда 2 минг 400 та бозор инфратузилмаси объектлари қуриш ва таъмирлаш, 440 километр йўлларни капитал таъмирлаш, 470 та замонавий автобус харид қилиш, 330 дан зиёд бекат қуриш ва янги қатнов йўналишларини очиш режалаштирилган.
Шунингдек, Президент кенг миқёсли ишларни ташкиллаштириш, молиялаштириш, лойиҳалаштириш ва сифатли бажариш билан боғлиқ ҳар бир масалага алоҳида тўхталди. Қишлоқларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш, бунинг учун зарур маблағ ажратиш ва махсус штаблар ишини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.